Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:19

Руслар сурхондарёлик йигитни тинч қўймайдиган кўринади


Москва шаҳри суди Ўзбекистон фуқароси Рустам Мўминовни Россиядан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор устидан киритилган даъво аризасини 26 октябрь куни кўриб чиқадиган бўлди.

“Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Р.Мўминов айни пайтда Москва шаҳри ички ишлар бошқармасининг депортацияга ҳукм қилинган хориж фуқароларини сақлаш марказида деярли қамоқхона шароитида ушлаб турилганини билдирди.

Р.Мўминов айнан “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Москвадаги идорасидан 17 октябрь куни ушлаб кетилган, бунга унинг шаҳарда рўйхатдан ўтмагани сабаб қилиб келтирилган эди.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходимаси Елена Рябининанинг айтишича, уни Россиядан чиқариб юбориш қарорига шикоят аризаси 19 октябрь куни берилган эди. Бироқ одатдагидан фарқли равишда, ишни кўриб чиқиш муддати жуда тез - 26 октябрга белгиланди.

“Бу кассация тартибидаги суд жараёнларида жуда кам учрайдиган ҳолат. Одатда шикоят аризаси бўйича натижани ойлаб кутишга тўғри келар эди. Аммо Р.Мўминов масаласида Россия ҳуқуқ-тартибот органлари жуда шошиб иш кўряпти. Маълум бўлишича, Р.Мўминов ҳибсхонадан чиққан 29 сентябрь куниёқ Липецк вилоятидаги туман прокуратураларидан бири уни яшаш жойида рўйхатдан ўтмаганликда айблаб, устидан иш қўзғаган. Лекин 8 ой ҳибсхонада бўлган одам қандай қилиб рўйхатдан ўтади ва қолаверса, қонунчиликка биноан у ҳибсхонада туриб, рўйхатдан ўтган ҳисобланади. Унга қўйилаётган айблов мутлақо мантиқсизлик”, - деди Е.Рябинина.

Эслатиб ўтиш жоиз, асли сурхондарёлик Р.Мўминов 2003 йилдан Россиянинг Липецк вилоятида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда маҳаллий қаҳвахоналаридан бирида ошпаз бўлиб ишлаган. У 2005 йил ноябрь ойида Россия ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган ва бу Ўзбекистон томони сўрови билан амалга оширилгани айтилган. Ўзбекистон уни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний экстремистик ташкилотларга аъзолик, улар фаолиятига оид материалларни тарқатишда айбламоқда.

2006 йил 21 мартда Россиянинг НТВ канали орқали Р.Мўминов ҳақида махсус репортаж тайёрлаган ва у Андижон исёни иштирокчиси, хавфли террорчи сифатида кўрсатилган эди.

Аммо шу йил 29 сентябрь куни Россия Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилган ва 8 ойлик ҳибсдан сўнг озод этганди.

Энди эса Москва суди уни Россиядан чиқариб юбориш бўйича ишни яна кўриб чиқади. Одатда бундай ҳолда хориж фуқароларига мамлакат қонунчилигини бузгани учун маъмурий жазо қўлланиб, белгиланган муддат ичида мамлакатни тарк этиш ҳукми чиқарилади ва қайси мамлакатга чиқиб кетиш судланувчининг ўз ихтиёрида бўлади. Бироқ, Елена Рябинина сўзларига кўра, Р.Мўминов масаласида вазият бундай бўлмаслиги мумкин.

“Бошқарма раҳбарияти бу ердагилар учун учрашув миқдори чегараланмаганини айтаётган бўлса-да, ташкилотимиз раҳбари Светлана Ганнушкина у ерга кириш учун жуда узоқ ҳаракат қилди ва аранг киришга муваффақ бўлди. Яна муҳими шуки, Р.Мўминов мутлақо изоляцияда сақланмоқда. Унга ҳатто телефон қилиш имкони ҳам берилмаяпти. У ерда сақланаётган бошқа шахсларда эса бу имконият бор. Яъни ҳуқуқ-тартибот органлари уни ташқи оламдан бутунлай узиб, тезлик билан Ўзбекистонга бериш ҳаракатида. Бунинг энг муҳим сабаби, менимча, моддий манфаатдорлик билан ҳам боғлиқ. Ўзбек махсус хизматлари, одатда, бундай шахслар учун каттагина мукофот беради”, - деди Е.Рябинина.
XS
SM
MD
LG