Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:07

“Oxus Gold” қарз ботқоғига ботирилди


Буюк Британиянинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Oxus Gold” олтин қазиб чиқариш компаниясига катта миқдорда солиқ юклангандан сўнг компания вакиллари Ўзбекистон ҳукумати билан жадал музокараларга киришди.

Аввалроқ Навоий вилояти хўжалик суди “Oxus Gold” Ўзбекистон хазинасига 224 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздор экани ҳақида қарор чиқарганди.

Бироқ “Oxus Gold” суднинг бундай қарори юзасидан эътироз билдириб, Ўзбекистондаги фаолиятини сақлаб қолиш учун расмий Тошкент билан музокаралар бошлади. Шу мақсадда компания масъул котиби Ричард Уилкинс зудлик билан Тошкентга келди.

У ўз компаниясининг суд қарори юзасидан эътирозига ўрин борлигини айтмоқда.

“Бу вилоят судининг қароридир. Мазкур қарорга қарши, албатта, шикоят аризаси ёзамиз. Айни пайтда биз муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив музокаралар олиб бормоқдамиз. Компаниямиз ўз фаолиятини давом эттиришига ишонамиз”, – деди Р.Уилкинс.

Аммо айрим таҳлилчилар “Oxus Gold”нинг Ўзбекистондаги истиқболи борасида шубҳа билдирмоқда.

“Узметроном.ком” сайти бош муҳаррири Сергей Ежков айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Ғарб сармоядорларини мамлакатнинг табиий захираларни ўзлаштириш соҳасидан сиқиб чиқаришга бел боғлаганини таъкидлайди.

“Чет эл сармоядорлари мамлакатни тарк этишга мажбур қилингач, табиий захираларни ўзлаштириш соҳаси маҳаллий сармоядорлар қўлига ўтиши мумкин. Аммо янги сармоядорлар келиши учун Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий майдонни тозалаб бериши даркор. “Oxus Gold” компаниясига келсак, унинг Ўзбекистондаги кунлари битган кўринади”, - дейди С.Ежков.

Ўзбекистон ҳукумати илгари “Oxus Gold”га 10 йил муддатга берилган солиқ имтиёзларини жорий йил ёзда бекор қилди. Компания ҳукуматнинг бу ҳаракатларидан хабардор эди. Шунга қарамай, “Oxus Gold” айнан солиқ тўламаганлик айби билан мамлакатдан сиқиб чиқарилган “Ньюмонт майнинг” корпорацияси куни ўз бошига тушмаслигига ишонч билдириб келаётганди.

“Oxus Gold” раҳбарлари ҳали ҳам бу ишончдан воз кеча олмаётган кўринади.
XS
SM
MD
LG