Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:55

Ҳоким ароққа ошиқми?


“Фарғона.ру” сайти тарқатган хабарга кўра, Андижон вилоятининг янги ҳокими Аҳмаджон Усмонов спиртли ичимликлар билан савдо қилмайдиган чойхона, ошхона ва ресторанлар фаолиятини тўхтатиб қўйишга фармойиш берган.

А.Усмонов Ўзбекистон президентининг 13 октябрдаги фармони билан Андижон вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

“Фарғона.ру” хабари шу қадар кутилмаганки, аввалига журналистлар адашгандир, деб ўйлаш мумкин. Чунки Андижондаги ва умуман Фарғона водийсидаги чойхона-ошхоналарнинг аксариятида ҳеч қачон майхўрликка рухсат берилмаган, ҳатто ароқ-вино дарё бўлиб оққан совет даврида ҳам.

Кейинги 15 йил ичида эса минтақа аҳолиси турмуш тарзига диний таъсир фавқулодда кучайиб, вазият тубдан ўзгарди. Андижонликларнинг айтишича, шаҳар кўчаларида “алпанг-талпанг” юрадиган пиёнисталар деярли учрамай қўйган. Шунинг учун ҳам вилоят раҳбарининг чойхона ва ошхоналар раҳбарларига ароқ сотасан, деб буюргани тўғрисидаги хабар мутлақ кутилмаган бўлди.

“Озодлик” мухбири масалага аниқлик киритиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлигига телефон қилди. Ҳокимликнинг ўзини Ҳошимжон деб таништирган ходими ҳоким чойхоналарда ароқ сотишга фармойиш бермаганини билдирди.

Балки қизиқаётганимиз масалани билиш бу ходимнинг хизмат ваколатлари доирасига кирмас? Бу савол ҳам, бошқа саволлар ҳам жавобсиз қолди. Ҳокимлик ходими бошқа гаплашишни истамади.

Шундан сўнг “Озодлик” мухбири “Фарғона.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кисловдан тарқатилган хабар қанчалик ишончли эканини сўради.

“Андижонда бир неча мухбиримиз ишлайди. Улар билан кеча танишганимиз йўқ, бир неча йилдан бери ҳамкорлик қиламиз. Шунинг учун ҳам уларнинг хабарларига тўла ишонамиз”, - деди Даниил Кислов ва вилоят ҳокимининг чойхона-ошхоналарда ароқ сотиш тўғрисидаги фармойиши ёзма эмас, оғзаки берилган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Хўш, оддий андижонликларнинг ўзи бу гаплардан хабардорми?

“Шунақа гаплар юрибди, лекин рост-ёлғонлигини билмайман”, - дейди андижонлик уй бекаси.

Яна бир андижонликнинг гапига қараганда, чойхона-ошхоналарда ароқ сотиш буюрилганига бир неча кун бўлган:

- Мен бу гапни бир неча кун аввал эшитган эдим.

Бу суҳбатдошга ҳам ишонмаслик қийин, чунки у янги ҳоким келганидан буён юз бераётган яхши ўзгаришлар тўғрисида ҳам айтиб берди:

- Раҳбарлар янги келганда баъзи ишларни бошлаб юборади. Маҳалламизга газ тушириш учун олиб келинган қувурлар икки йилдан бери қимирламай ётган эди. Янги ҳоким келганидан сўнг газ тушириш иши яна жонланиб қолди.

Андижонлик бошқа суҳбатдош ҳам чойхона-ошхоналарда ароқ сотишга фармойиш берилгани тўғрисидаги гап-сўзларни эшитганини айтиб, “янги ҳокимдан ҳар нарсани кутса бўлиши”ни қўшимча қилди.

“Андижондаги вазият чатоқ. Янги ҳоким аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Унинг машинаси келаётган пайтда кўча ҳаракати тўхтатилади. Аввалги ҳокимлар, масалан, Қобилжон Обидовни кўчада кўриш, у билан саломлашиш мумкин бўларди. Буниси кўчалардан 200 (тезлик)да ўтиб кетади. "Мерседес"ининг номериям 200”, - дейди андижонлик.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлгаларнинг барчаси битта фикрда якдил бўлди.

“Чойхона-ошхоналарда ароқ сотилишига мен қаршиман. Ароқ мусулмончиликда ҳаром қилинган. Худонинг олдида савол-жавоби бор-ку! Шунинг учун мен қаршиман”, - деди улар бир овоздан.

“Фарғона.ру”нинг хабарида айтилишича, вилоят ҳокимининг чойхона-ошхоналарда ароқ сотиш тўғрисида фармойиш беришига яқинда шаҳарда юз берган бир можаро сабаб бўлган. Тошкентдан келган бир амалдор чойхонада ароқ ичмоқчи бўлган, лекин чойхона маъмурияти рухсат бермаган.

“Вилоят янги ҳокимининг қарори, - деб ёзди сайт, - афтидан Андижон умумий овқатланиш шаҳобчаларида Тошкент раҳбариятининг бемалол спиртли ичимликлар истеъмол қилиши учун кенг имкониятлар яратиб бериш истагидан келиб чиққан”.
XS
SM
MD
LG