Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:22

“Байъат” борми ўзи?


“Авесто” ва “Интерфакс” ахборот агентликлари Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда мамлакатда “Байъат”номли диний экстремистик ташкилот аъзолари яна бош кўтараётганини хабар қилди.

Бу ташкилот вакиллари Исфара шаҳри маъмурияти вакилларига қарши уюуштирилган суиқасдни амалга оширишда ҳам гумон қилиняпти.

Аммо Сўғд вилояти прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси бу жиноят Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари томонидан амалга оширилганини айтиб, “Байъат”нинг мавжудлигини бутунлай инкор этмоқда.

Исфара туманининг мансабдор шахсларига суиқасд Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Тожикистон билан чегарадош Қорабоғ қишлоғида 27 сентябрь куни амалга оширилганди. Исфара кимё заводи директори, вилоят депутати Низомхон Жўраев, маҳаллий ҳукумат раиси ўринбосари Содиқ Рустамов, консерва заводи директори Содиқ Убайдуллаев минган автомашина автоматлардан ўққа тутилиши оқибатида улар бахтли тасодиф туфайли омон қолганди.

Дастлабки тергов натижасида бу жиноят Ўзбекистон исломий ҳаракати вакиллари томонидан амалга оширилгани айтилган бўлса-да, энди суиқасд “Байъат” аъзоларининг иши экани иддао қилинмоқда.

Бироқ Сўғд вилояти прокурори ёрдамчи Асадулло Ўринов Тожикистонда бундай номдаги ташкилотнинг ўзи йўқлигини таъкидлаяпти.

Сўғд вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Эминжон Жалилов эса юқорида эслатилган жиноятда ЎИҲ аъзоларининг қўли борлигини яна бир бор такрорлади.

“Ўтказилган тезкор қидирув ишлари натижасида маълум бўлдики, бу жиноятни ЎИҲнинг Исфара шаҳрида яшовчи Анвар Қаюмов раҳбарлигидаги аъзолари уюштирган. Айни пайтда бу жиноятни содир этишда қатнашган ва ҳамкорлик қилган 13 киши аниқланиб қамоққа олинди. Яна 13 жиноятчи қидирилмоқда”, - деди Э.Жалилов.

Хўш, унда ИИВ тизимидан нега икки хил маълумот тарқатилмоқда?

“Байъат” худога, исломга ўзини фидо қилиш маъносини беради. Қўлга олинганлар ҳам ўзини шу ишга байъат қилганини айтмоқда. Байъат - бу қасамёд қилиш, бундай номдаги диний экстремистик ташкилотнинг ўзи йўқ. Улар ЎИҲ аъзоларидир”, - дейди Э.Жалилов

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Тожикистонда диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумонланиб элликдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Сўғд вилоятида эса ЎИҲга аъзоликда айбланган ўнга яқин одам 9 йилдан 19 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG