Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:52

Яна бир ўзбек қулликдан қутулди


Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳрида Ўзбекистоннинг 26 ёшли фуқароси қулликдан озод қилинди. У уч шериги билан маҳаллий қозоқ бойвачча томонидан 7 ой давомида қулликда сақланган.

Дастлаб улар 2005 йилнинг декабрь ойида Олмаота шаҳрига иш излаб келган. Орадан бироз ўтгач, семипалатинсклик бир тадбиркор уларни иш топиб бериш ваъдаси билан олиб кетган. Қозоқ бойвачча ўзбек гастербайтерларининг ҳужжатини олиб қўйиб, ўзига қарашли қурилиш шаҳобчаларида ишлатган ва умуман ҳақ бермаган. Ўзбек қуллар омборхонада яшаган. Хўжайини уларни мунтазам калтаклаб турган.

Маълум бўлишича, “Мигрант” махсус тадбири давомида қурилиш шаҳобчаларини текшираётган полицияларни кўрган 26 ёшли ўзбек йигити уларни ёрдамга чақирган ва қулликдан озод бўлган. Афсуски, бу вақтда унинг уч шериги бошқа объектда ишлаётган бўлган. Айни пайтда уларнинг қаерда экани аниқланмоқда. Полиция бу ҳолат юзасидан жиноят иши очиб, суриштирув олиб боряпти.

Бундан бир ой аввал Оқтюба шаҳрида ҳам Ўзбекистоннинг 18 фуқароси қулликдан озод қилинганди. Қул қилиб сотилган ўзбеклар шаҳардаги қурилишлардан бирида ярим йил давомида кунига 16-18 соат давомида дам олиш кунисиз ишлашга мажбур қилинган. Улар ярим йил давомида умуман иш ҳақи олмаган, жуда ночор овқатланган. Ҳатто оч қолган кунлари ҳам бўлган.

Бу қуллар орасида 55 ёшлардаги Раим ака ҳам бўлган. Соқол қўйган, намозхон бу одамни қозоқ хўжайин ароқ ичишга мажбурлаган, соқолини мажбур қирдиртирган.

“Алҳамдулиллоҳ, булар ҳам мусулмон-ку, нега бундай қилади?! Қаерга келиб қолганимни ҳам билмайман. Жуда қаттиқ азобдамиз. Уйга қайтиб кетишга пулимиз йўқ. Овқатимизга ҳам пул йўқ ҳозир”, - деган эди Раим ака кўзида ёш билан.

Қозоқ халқида азалдан “ўзбек ўз оғам”, деган мақол бор. Бугунги кунда эса ўз оғаси ўзбекни қул қилиб ишлатишдан ҳузурланувчи қозоқлар сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг июль ойида ҳам Оқтюбада полициячилар Ўзбекистоннинг 13 фуқаросини қулликдан озод қилганди. Воситачи шахслар иш топиб бериш ваъдаси билан олиб келиб, кейин сотиб юборган 7 аёл ва 6 эркак кунига 20 соатдан ишлашга мажбурланган. Хўжайини уларни мунтазам калтаклаб, мазах қилиб, таҳқирлаб келган. Айниқса, аёлларнинг аҳволи жуда аянчли бўлиб, улардан иккитаси хўжайиннинг қариндошлари томонидан бир неча марта зўрланган.

Қозоғистондаги ўзбеклар ўз қондошларининг бундай аҳволга тушаётганидан қаттиқ изтироб чекмоқда.

Ўзбек шоири Баҳром Ғойиб қондошларининг ўзга юртларда таҳқирланаётгани Ўзбекистоннинг ўзида ўзбеклар хўрланаётгани оқибати эканини айтади.

“Ўзбек Ўзбекистонда ҳам хўрланаётгани сабабли бу ерда ҳам хўрланяпти. Афсуски, ҳозир минглаб ўзбеклар тузиб кетди. Россия, Корея, Қозоғистонда нон топиш учун юрибди. Улардан қанча-қанчаси ҳақини олиб кета олмаяпти”, - дейди шоир.

Чимкентлик 70 ёшли Инобат Абдурауфова ҳам ўз қондошларининг шаъни оёқости қилинаётганидан куйинади.

“Биз жуда уяламиз, ерга кириб кетамиз. Кўп ўзбекистонликлар келади. Ишлатиб-ишлатиб пулини бермайдиган қозоқлар жуда кўп. Ишлаб ҳақини ололмай кетаётган ўзбеклар кўплаб топилади. Нима сабабдан бунчалик қийналяпти Ўзбекистон халқи? Ислом Каримовга нима бўляпти? Ўзбеклар ҳақида ёмон гап эшитсак, бизнинг суяк-суягимиздан ўтиб кетади”, - дейди онахон.
XS
SM
MD
LG