Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:11

Владимир Норов айтадиганини айтди, гап ЕИда қолди


8 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида музокаралар якунланди.


Бу музокаралар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик кенгаши иши доирасида бўлиб ўтди.

Музокаралар ЕИ Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларига масъул кўрилган 12 амалдорига виза чеклови ва мамлакатга қурол-яроғ эмбаргоси масаласини қайта кўриб чиқиши арафасида ўтказилди.

ЕИ расмийлари Ўзбекистондан Андижон воқеалари борасидаги фикри нақадар ўзгаргани, мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланиш ўрнига нега янада оғирлашаётганини тушунтириб беришни кутаётганди.



Бироқ мулоқотлар Ўзбекистон ҳукуматининг позицияси мутлақо ўзгаришларга юз тутмаганини кўрсатди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ЕИ расмийларига 13 май куни Андижонда норозилик намойиши эмас, уюштирилган террорчилик амалиётлари рўй берганини билдирди.

“Шуни маълум қилмоқчиманки, 2005 йил май ойида Андижонда содир этилган жиноятлар Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра аввалдан тайёрланган террорчилик амалиётлари, конституциявий тузумга тажовуз, одамларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланади”, - деди В.Норов.

В.Норов Ўзбекистон ҳукумати азалдан такрорлаб келаётган бу гапларни яна бир бор қайтарди, холос. Аммо жаҳон жамоатчилиги бу гаплар ростлигини текшириш халқаро тергов ўтказишни талаб қилган, бунга кўнмаган Ўзбекистонга эса санкциялар жорий этганди.

В.Норов Бюрюсселдаги учрашувда Ўзбекистон томони бугун ҳам халқаро тергов ўтказишга муҳтож эмаслигини таъкидлаб, бундай тергов келажакда ўтказилиши эҳтимолларини ҳам рад этди.

“Ўзбекистон Республикаси мустақил ва суверен давлат сифатида миллий хавфсизликка алоқадор масалалар юзасидан тергов ўтказиш масалаларини мустақил ҳал этишга ҳақлидир. Бунинг учун Ўзбекистонда барча имкониятлар бор”, - деди В.Норов.


Ўзбекистон ҳукумати Андижон фожеасига ўзини масъул қилиши мумкин бўлган халқаро тергов ўтказишга розилик бермаслиги аён. Аммо санкцияларнинг бекор қилиниши учун ЕИ томонидан қўйилган асосий талаб ҳам шу эди. В.Норов ЕИ санкциялари Ўзбекистонга мутлақо таъсир этмаганига аниқ-тиниқ ишора қилди.

“Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожи собитқадамлик билан бормоқда. Экспорт салоҳиятимизни ошириб бормоқдамиз. Бу йил ташқи савдодан 1 миллиард 300 миллион доллар даромад кўрдик. Осиё давлатлари билан муносабатлар ривожланмоқда, минтақавий интеграция кучайтирилмоқда. Қолаверса, Европадаги алоҳида давлатлар билан икки томонлама ҳамкорлигимиз бор. Шунинг учун нима демоқчиман, ЕИнинг жазо чоралари тўғрисидаги бир томонлама қарори кимга кўпроқ зарар етказганини билмайман”, - дея жилмайди В.Норов.

ЕИ расмийлари орасида Ўзбекистонга қарши санкциялар бу мамлакат ҳукумати учун жиддий таъсир қилаётганига ишонаётганлар ҳамон топилади. Ҳар ҳолда В.Норовнинг баёнотини эшитгач, Еврокомиссиянинг ташқи алоқалар бўйича бош директори Энеко Ландабуру санкцияларни жорий этиш тузилманинг оддий қарорларидан эмаслигини таъкидлади.

“Санкциялар жорий этиш юмшоқ қарор эмас. Бу ЕИ ва халқаро жамоатчилик арсеналидаги жиддий чоралар қаторидан ўрин олган. Санкцияларни бекор қилиш ҳам оддий масала эмас. Бу масала жиддий кўриб чиқилмасдан осонлик билан амалга ошмайди”, - деди Энеко Ландабуру.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ва ЕИ маълум маънода орани очиқ қилиб олди. Энди жазо чоралари тақдири 14 ноябргача маълум бўлади. ЕИнинг айрим расмийлари санкциялар ўз кучида қолишини айтмоқда.

ЕИ расмийлари сўзларига кўра, Ўзбекистон ва тузилма ўртасида музокаралар танқидий руҳда ўтган. Аммо икки томон ҳам муносабатларни давом эттириш керак, деган тўхтамга келган.
XS
SM
MD
LG