Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:31

Ўзбекистон ўз мажбуриятларини бажара олишига ишоняпти


Ўзбекистон ҳукумати Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕОИҲ) аъзолик доирасида олган мажбуриятларига доир барча ҳужжатларни жорий йил охирига қадар имзолашини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаанинг “Регнум” ахборот агентлигига билдиришича, мамлакатнинг ЕОИҲ доирасидаги 65 та ҳужжатга қўшилиши икки босқичда амалга ошади. Бу жараён бирмунча кечикмоқда, аммо йил охирига қадар барча ҳужжатлар имзоланади.

Иқтисодий ҳамжамиятдагилар ҳам Ўзбекистоннинг ҳужжатларни бу муддатгача имзолашига умид боғлаган. Ташкилот раиси маслаҳатчиси Владимир Никоноров Ўзбекистон барча талабларни бажаришига шубҳа қилмайди.

“Аслида бу биз учун янгилик эмас. Ўзбекистоннинг ЕОИҲга аъзо бўлиб кириши учун махсус режа, яъни йўл харитаси тузилган, жорий йилда имзоланиши керак бўлган ҳужжатлар белгилаб олинган эди. Техник жиҳатдан бу мураккаб жараён ва анча вақт талаб этади. Жорий йил ўрталарида ташкилотимизнинг Минскда ўтган учрашувида Ўзбекистон ўша кунга қадар имзолаши керак бўлган ҳужжатларга қўл қўйди ва умид қиламизки, йил охирига қадар қолган ҳужжатларни ҳам имзолайди”, - деди В.Никоноров.

Унинг айтишича, бу жараёнда нимадир чўзилиши учун асос йўқ.

“Ўзбекистон аллақачон ЕОИҲнинг тўлақонли аъзоси ва ҳамжамиятнинг барча тадбирларида қатнашиб келмоқда. Ўйлайманки бу жараённинг ҳали тугалланмаган техник томонлари қолган бир ярим ой ичида тўлиқ амалга оширилади”, - деди В.Никоноров.

Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар аҳолиси Ўзбекистоннинг ташкилот талабларини бажариши фуқароларнинг ўзаро борди-келдисини енгиллаштиришига умид қиляпти.

Марказий Осиё ҳудудида савдо-тижорат масалаларда асосий ғов сифатида кўрилган Ўзбекистондан ҳозирча ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорлик мажбуриятларини бажариш талаб этилмаяпти.

“Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятида визасиз борди-келди тартиби мавжуд. Умид қиламанки, Ўзбекистон ташкилот доирасида амалда бўлган барча ҳужжатларга қўшилади. Визасиз борди-келди тўғрисидаги ҳужжат ҳам бундан мустасно эмас ва бу борада ҳам ҳеч қандай муаммо кўрмаймиз”, - деди В.Никоноров.
XS
SM
MD
LG