Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:13

Сурия Ироқ хавфсизлигига ҳисса қўшмоқчи


Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллим Бағдодга келди. У собиқ президент Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгандан бери Ироққа ташриф буюрган суриялик илк олий мартабали расмийдир.

Бу ташриф АҚШда Эрон ва Сурияни Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш ишларига жалб қилиш бўйича қизғин мунозаралар кетаётган бир пайтга тўғри келди. АҚШ Конгрессида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатлардан бирида расмий Вашингтонга Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун Дамашқ ва Теҳрондан фойдаланиш тавсия этилаётгани хабар қилинди.

Шу сабабли кузатувчилар Сурия ташқи ишлар вазирининг ташрифини диққат билан кузатмоқда. Улар Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш ишига Дамашқ қай тариқа жалб этилади ва у бунинг эвазига Вашингтондан нима талаб қилади, деган савол атрофида мунозара қилмоқда.

Бош қароргоҳи Дубайда жойлашган “Кўрфаз” тадқиқот маркази таҳлилчиси Мустафо Алонийнинг айтишича, Вашингтон ва Бағдод Эрондан кўра Сурияни Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш ишига кўпроқ жалб қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Айни пайтда бу икки давлат Сурияни жиҳодчиларга бошпана бераётганликда ва Ироқдаги исёнларга моддий кўмак кўрсатаётганликда айблайди.

“Сурия Ироқдаги вазият издан чиқишига Эронга қараганда камроқ ҳисса қўшмоқда. Сурияликлар вазиятнинг издан чиқишидан сиёсий манфаатдор эмас. Уларнинг ягона айби террорчилар Сурия чегарасидан ўтаётганига кўз юмаётганидир”, - дейди М.Алоний.

Таҳлилчининг таъкидлашича, Ироқдаги исёнчилар жамғармаларига асосий ёрдамни Эрон бермоқда. Шу жиҳатдан ҳам Оқ уй Ироққа камроқ зарар келтираётган Сурияни ҳамкор сифатида танлаши мумкин. Бироқ бу ҳамкорлик осон бўлмайди. Зеро, бундай ҳамкорлик эвазига Сурия Вашингтон олдига қатъий талабларни қўяди.

“Сурия ўзининг Ироқдаги фаолияти Исроил томонидан босиб олинган Жўлон тепаликлари муаммосини ҳал этишда ижобий самара беради, деб ҳисоблайди. Яъни бу борадаги музокаралар қайта тикланиши мумкин. Иккинчидан эса Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилишига оид тергов масаласи ҳам кўтарилади”, - дейди М.Алоний.

Эслатиб ўтамиз, Жўлон тепаликлари 1967 йилда Сурия ва Исроил ўртасида бўлиб ўтган олти кунлик уруш пайтида Исроил армияси томонидан босиб олинган эди. БМТ тергови эса 2005 йилда Р.Ҳаририйнинг ўлдирилишига Сурия амалдорлари аралашганини аниқлаган, бироқ Сурия бу масалада халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилишни рад этган эди.

Сурия Ироқдаги ҳамкорлик эвазига мана шу масалалар ҳал этилишини талаб қилиши мумкин. Бироқ Вашингтон бу талабларга кўнадими, деган савол ҳам пайдо бўлади. Таҳлилчилар Вашингтон бу борада ўзининг жуда мукаммал стратегиясини ишлаб чиқмоғи зарурлигини айтади.

Таҳлилчиларнинг билдиришича, Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллим Ироқда сўзлаган нутқларида Вашингтон билан ҳамкорликка тайёрлигини шаъма қилмоқда.

“Сурия Ироқ ҳукуматини ва сиёсий жараёнларни, шунингдек, миллий якдилликка бўлган интилишни қўллаб-қувватлайди. Бизнингча, Ироқдан хорижий қўшинларнинг режали тарзда олиб чиқиб кетилиши Ироқдаги зўравонликларнинг озайишига ва хавфсизлик таъминланишига сабаб бўлади”, - деди В.Муаллим.

Бундан аввалроқ АҚШ президенти Жорж Буш қўшинларнинг Ироқдан олиб чиқилишига қарши эканини ва Ироқда барқарорлик таъминлангачгина бундай қадам қўйишга тайёр бўлишини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG