Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Адлия вазирининг сигирлари камбағалларни бойитади...ми?


Ўзбекистон кам таъминланган аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда қорамоллардан фойдаланиш йўлини танлаганига кўп бўлгани йўқ, аммо минглаб оила сигирлик бўлиб қолган кўринади.

Ўзбекисон Конституцияси қабул қилинган куннинг 14 йиллиги олдидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига интервью берган мамлакат адлия вазири Бўритош Мустафоев кўп болали 28 минг оилага биттадан қорамол берилгани ҳақидаги маълумот билан ўртоқлашди.

Вазир суҳбат давомида жуда кўп рақамлар, маълумотлар келтирган. Уларнинг ҳар бири алоҳида таҳлилга арзийдиган маълумотлардир. Лекин “Озодлик” мухбири айнан кўп болали оилаларга тарқатилган қорамоллар масаласига қизиқиб кўрди.

Жиззахлик фермер Маъмуржон ака баъзи қишлоқдошларига сигир берилганини айтар экан, қозиғида қорамол у ёқда турсин, бирорта қўйи, ҳатто товуғи йўқ хонадонлар ҳам борлигини таъкидлади.

“Шундай оилаларнинг рўйхати берилган ва 2006 йилнинг бошларида, январь-февраль ойларида улар ҳокимлик томонидан биттадан сигир билан таъминланган эди”, - дейди Маъмуржон ака.

Бироқ фарғоналик Абдусалом ака вилоятнинг, масалан, Чимёнида биров бировга сигир совға қилмаганини айтар экан: “Давлат томониданми ёки бирон ҳомий томониданми бировга сигир ёки бузоқ совға қилингани тўғрисидаги хушхабарни ҳали эшитганим йўқ”, - деди.

Балки Чимёнда ҳамма ўзига тўқдир ёки расмий Тошкентнинг тили билан айтганда “кўп болали оила” йўқдир? Cигир олганлар Фарғонанинг бошқа қишлоқларидадир?

Абдусалом ака бундай бўлиш эҳтимолини инкор этмайди:

- Бироқ сигир ҳадя қилинадиган бўлса, бундай ҳадяни олган оила учун бу хушхабардан кўра нохуш хабар бўлиб қолади. Чунки пахта яккаҳокимлиги, буғдой яккаҳокимлиги туфайли водийда мол боқадиган ер қолмаган. Сотиладиган кунжара, шелуха, кепак, умуман емнинг баҳоси ҳаддан зиёд баланд бўлгани учун оддий, айниқса, камбағал оилага сигир боқиш жуда оғир мусибат бўлади.

Б.Мустафоев 28 минг оилага биттадан қорамол бердик, дер экан, у кишининг гапига ишонмасликка асос йўқ.

Хўш, кимнинг пулига олиб берилди ўша сигирлар? Адлия вазири бу савол жавобини очиқ айтган: “ҳомийларнинг пулига”.

Ҳомийлардан пул қандай ундирилиши тўғрисида гапирган жиззахлик тингловчи эса: “Сигирлар ҳар бир туман ҳудудидаги ташкилотлар томонидан тарқатилди. Ҳар бир ташкилот зиммасига биттадан сигир олиб бериш масъулияти юклатилган. Ташкилотнинг бунга қурби етадими-йўқми, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ташкилот раҳбари ўтирган курсисидан ажралиб қолмаслик учун буйруқни бажаришга мажбур”, - дейди.

Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Эргашбой Воҳидов эса курсисини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмади. Боз устига 10 йилга қамалиб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган “Фарғона.ру” сайтининг ёзишича, Э.Воҳидов вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасини бошқариб турган пайтда, 2002-2003 йиллари шаҳар стадиони қурилишига ҳомийлик қилган. Бошқарма ҳисобидан қарийб 138 миллион сўмлик маблағни қурилишга сарфлаб юборган. Бугунга келиб эса у ўша маблағни ўзлаштирганликда айбланиб 10 йилга кесилди.
XS
SM
MD
LG