Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:49

Ўзбекистон чегарадаги бозорларга рози бўладими?


Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туманидаги “Қоплонбек” чегара постида янги божхона маскани ташкил қилинди. Бу ҳудуд ўзбек-қозоқ чегарасидаги энг серқатнов жойлардан бири ҳисобланади.

“Қоплонбек” чегара постидан йилига 23 мингга яқин автомобиль ва ўн минглаб йўловчи ўтади. Айниқса, Сариоғоч тумани билан Тошкент вилоятининг бир қанча туманлари аҳолиси бу жойни чегарадан ўтиш учун энг қулай ҳудуд хисоблайди.

Қозоғистон Божхона қўмитаси раиси Асқар Шокиров “Қоплонбек” постида божхона маскани очилишининг фойдали жиҳатлари ҳақида гапириб: “Янги маскан аҳолининг чегарадан ўтиш вақтини қисқартиради ва Қозоғистон орқали ўтадиган транзит юклар ҳаракатини тезлаштиради, шунингдек, Ўзбекистон билан савдо кўрсаткичлари ўсишига олиб келади”, - деди.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги энг катта божхона маскани Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк” чегара постида жойлашган. Бу ердан кунига 2 минг одам, 500дан зиёд автомобиль ўтади. Баъзи пайтлари одам кўплиги сабабли постда соатлаб навбат кутишга тўғри келади. “Қоплонбек” божхона маскани очилиши эса аҳолининг бундай муаммолари камайишига олиб келиши кутиляпти.

“Қоплонбек” божхона маскани жаҳон андозалари асосида иш олиб боради. Бу ерда божхона ва чегара хизмати, санитария-эпидемиологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Шунингдек, божхонада барча назорат идораларидан вакиллар ишлайди.

Маълумотларга кўра, янги маскан ишга туширилиши туфайли божхона тўловлари ва солиқлардан Қозоғистон бюджетига тушадиган маблағ ярим миллиард танга ёки 4 миллион долларни ташкил этади.

Айни пайтда ўзбек-қозоқ чегарасида 16 та чегара пости мавжуд. Уларнинг 5 тасида божхона маскани ташкил қилинган. Эндиликда бошқа постларда ҳам янги божхона масканлари қуриш режалаштирилмоқда.

Жанубий Қозоғистон вилояти ходими Умурзоқ Шукеев мамлакат ҳуумати чегара ҳудудларида махсус савдо бозорлари ташкил этиш таклифини киритаётганини маълум қилди.

“Айни пайтда Қозоғистон Хитой ва Россия билан чегараларда шундай лойиҳани амалга оширмоқда. Расмий Остона Ўзбекистонга ҳам шундай таклифни билдирди. Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати бу лойиҳани ўрганиб чиқяпти. Агар ўзбек-қозоқ чегарасида савдо бозорлари йўлга қўйилса, бу мавжуд муаммоларни ҳал қилишда энг қулай йўл бўлиши мумкин”, - деди У.Шукеев.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, ўзбек-қозоқ чегарасида савдо бозорлари ташкил этилса, иқтисодий етишмовчиликда яшаётган ўзбекистонликлар учун фойдаси катта бўлади.

Айни пайтда бу лойиҳанинг тақдири расмий Тошкентнинг жавобига боғлиқдир.
XS
SM
MD
LG