Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:27

Исломий инқилобга асос борми?


“Азияинформ” ахборот сайтида эълон қилинган мақолада Қирғизистон жанубидаги турли радикал диний ҳаракатлар Фарғона водийсида миллатлараро тўқнашувлар уюштиришдан тоймаслиги ёзилади.

Мақола муаллифи “Ҳизб ут-таҳрир”, “Таблиқ” ва бошқа исломий гуруҳларда шундай мақсад борлигини айтади.

“Ўтган йилги Андижон воқеалари Фарғона водийсида вазият мураккаблашиб бораётгани далолатидир. Минтақада миллатлараро муносабатлар мураккаблашиб, исломий радикаллар фаоллашмоқда. Бу эса Фарғона водийсида нотинчликлар келтириб чиқариши мумкин”, - дейилади мақолада.

“Шаҳид муборак”, “Аллоҳу акбар!”

Ўтган йилнинг августида Қирғизистон ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ўтказган махсус амалиёт вақтида ўлдирилган ўшлик таниқли имом Муҳаммадрафиқ Камоловнинг тобутини кўтарган минглаб одам шу ҳайқириқлар остида шаҳар кўчаларини айланган эди.

Бу воқеага гувоҳ бўлган ғарблик айрим журналистлар Жанубий Қирғизистон исломий инқилобга тайёр бўлиб қолибди, қабилида жар солган эди.

“Азияинформ”да эълон қилинган “Қирғизистон жанубида яширин исломий ҳаракат” мақоласида ҳам шу мавзу кўтарилган. Унда ёзилишича, “Қирғизистон жануби исломий инқилоб учун асосий база бўлиб қолган”.

Мақола муаллифи хулосасига кўра, Қирғизистон жанубида “Ҳизб ут-таҳрир” ва “Таблиқ” ҳаракатларининг эркин ташвиқотлари натижасида аҳолининг асосий қисми исломий инқилобга тайёрдир.

Бироқ “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзоларидан бири бу даъволарни рад этади.

“Бизнинг мақсадимиз Қирғизистонда ёки муайян бир давлатда ислом инқилоби содир этиш эмас. Бу бизнинг дастуримизга зиддир. Биз инсонларнинг ақидасини мустаҳкамлаш ва онгини очиш билан шуғулланамиз. Бизнинг мақсадимиз бутун дунёда исломий асосларга таянган давлат барбо этишдир”, - дейди ҳизбчи.

Қирғизистондаги Дин ишлари агентлиги раҳбари Жўлбарс Жўрабеков эса “Ҳизб ут-таҳрир” ва бошқа диний оқимларнинг мамлакат жанубидаги фаолияти кучайиб бораётганини, бироқ бу ҳаракатлар исломий инқилоб содир этишга қодир эмаслигини билдиради.

“Қирғизистоннинг дин тўғрисидаги қонуни жуда либерал. Шунинг учун ҳам бизда исломий оқимларнинг эмас, баптистлар ва бошқа секталарнинг ҳаракати кучайгани сезилмоқда. Радикал исломий гуруҳлар кўпайгани боис мамлакатда исломий инқилобга база яратилди, деган фикр хатодир”, - дейди Ж.Жўрабеков.

“Азияинформ”даги мақола муаллифи дин ишлари агентлиги мутахассисларига таянган ҳолда Ўш ва Жалолобод вилоятларида Фаластинда таълим олиб қайтган экстремистлар аҳоли ўртасида ташвиқот юргизаётгани тўғрисида маълумот тарқатади.

Ж.Жўрабеков бу хабарни қисман тасдиқлайди:

“Фаластинда фалонча одам ўқиб келган ва улар бугунги вазиятни издан чиқаришга таъсир кўрсатмоқда, деган ахборотни тасдиқламайман. Чунки бизда буни тасдиқлайдиган далиллар йўқ. Лекин Покистонда ўқиб келган ва айни пайтда ноқонуний тарзда ўқиётган қирғизистонлик диндорлар бор”, - дейди Ж.Жўрабеков.

“Ҳизб ут-таҳрир” аъзоси эса партия даъватчилари бу мамлакатларда таълим олганини рад этади, аммо аҳоли орасида фаол тарғибот олиб борилаётганини тасдиқлайди.
XS
SM
MD
LG