Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:57

Бош прокуратура пикет қилинди


“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” панжара ортига ташланган виждон тутқунлари, сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан мамлакат Бош прокуратураси ёнида пикет ўтказди.

Бироқ альянснинг бу ҳақдаги хабарномасида айтилишича, орадан бироз ўтиб пикетчилар куч билан тарқатиб юборилган ва уларга нисбатан куч ишлатилган.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг “Озодлик” радиосига билдиришича, Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасининг фуқаролик кийимидаги ходимлари айрим пикетчиларни калтаклаган.

“Альянс фаоллари барча сиёсий маҳбуслар, жумладан, Муҳаммад Бекжон, Санжар Умаров, Мўътабар Тожибоева, Жамшид Каримовнинг озод этилиши талаби билан чиққан эди. Бу гал одатдагидан бироз кўпроқ туришга муваффақ бўлдик. Бироқ кейин ИИБнинг фуқаролик кийимидаги ходимлари пайдо бўлди ва бизни куч билан тарқатиб юборди. Шахсан мен ўнг қўлимга қаттиқ зарб едим, ҳозиргача ўзимга келганим йўқ”, - деди Е.Урлаева.

Шунингдек, альянснинг яна икки аъзоси – Иброҳим ал-Ҳошимий ва Наталья Пантелеева ҳам калтак еган.

“Еган зарбаларимиздан кечгача ўзимизга кела олмадик. Бугун кун давомида эса альянс аъзоларини уйдан чиқаришмади, ҳаммамиз уй қамоғидамиз. Кўпчилик аъзоларимиз оддий кундалик эҳтиёжлар учун ҳам чиқа олмади. Бир соат муқаддам менинг уйимга ҳам Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келиб, уйингиздан бир қадам чиқманг, деб дўқ уриб кетишди. Бошқа аъзоларимизда ҳам худди шундай. Шоира Содиқбековада эса бугун бир неча суд жараёнлари бор эди, бирортасига бора олмади. Ҳаммамиз уй қамоғидамиз, аммо бу ҳаракатлар бизни фаолиятимиздан қайтара олмайди”, - дейди Е.Урлаева.

Альянс вакиллари ҳимояси учун отланган ва номма-ном санаётган ўзбекистонлик сиёсий маҳбус ва виждон тутқунлари рўйхати анча узун.

Мана улардан айримлари:

Ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Норбой Холжигитов, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Аъзамжон Фармонов, Алишер Кароматов, Исроилжон Холдоров, Мамаражаб Назаров, шунингдек, сиёсий фаол ва мухолифат вакиллари бўлган сиёсий маҳбуслар - Санжар Умаров, Мамадали Маҳмудов, Аҳмаджон Одилов, улар каби яқинлари учун жавоб бераётган жабрдийдалар – Муҳаммад Бекжон, Ихтиёр Ҳамроев ва бошқалар.

Ўзбекистондаги яна бир ташкилот – “Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси” ҳам бу маҳбусларни озод қилиш ва уларни ҳимоялаш чақириғи билан чиқди.

Қўмита аъзолари Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирган сиёсий маҳбусларни Янги йил ва Қурбон ҳайити билан қутлар экан, жамоатчиликни уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга даъват этди.

“Кўпчилик маҳбуслар турли баҳоналар билан мунтазам равишда жазо изоляторида сақланмоқда. Яқинда амнистия эълон қилинди ва сиёсий маҳбуслар яна амнистияга тушмади. Уларни қамоқхона тартибини бузиш ва бошқа ғаламисона айблар билан амнистияга туширмасликка ҳаракатлар бўляпти. Биз уларни эътибордан қочирмаслигимиз ва ҳамиша уларни ҳимоя қилиш йўлларини қидиришимиз керак”, - дейди кўмита раҳбари Баҳодир Намозов.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда турли айбловлар билан қамалган сиёсий маҳбусларнинг аксарияти панжара ортида ҳам қийноққа солинмоқда. Жумладан, жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг қамоқдаги ўғли Ихтиёр калтакланган. Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров, “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон сўнгги икки-уч ой ичида мунтазам равишда жазо изоляторида сақлангани ҳақида хабарлар бор.
XS
SM
MD
LG