Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

Президентликка номзодларнинг бари Туркманбоши сиёсатига садоқатини намойиш этмоқда


Туркманистон президентлигига расман рўйхатга олинган олти номзоддан яна тўрттаси 9-10 январь кунлари сайловчилар билан илк учрашувларини ўтказди.

Аксарияти Ашхобод марказидаги ҳашаматли “Макон” саройида ўтаëтган бу учрашувлар сценарийси ҳам бир хил – аввалига саройга йиғилганлар номзод биографияси, унинг ҳозиргача қилган улкан ишлари рўйхати билан таништирилади. Шундан сўнг номзоднинг ўзи ўн минутдан кўпроқ аввалдан ҳозирланган сайлов дастурини қоғоздан ўқиб беради. Учрашув охирида эса сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтаради. Совет замонидан қолган сайловолди сценарийсининг айнан ўзи бўлган бундай учрашувларнинг ибтидосию интиҳосига қадар бир одам қўли билан ëзилаëтганга ўхшайди, деб шарҳламоқда бу ҳолатни аксарият кузатувчилар.

Шундай бўлса-да, сайловолди кампанияси Туркманбошидан кейин ҳокимият тепасида қолган гуруҳ ўз ичида гўë ашаддий консерваторлар билан ўзини бир оз демократ, бир оз либерал қилиб кўрсатишга уринаëтганларга бўлинганини кўрсатаётганини айтади россиялик таҳлилчи Артëм Улунян.




“Буни намойиш қилишдан мақсад эса Туркманистонда сайловолди жараëнининг гўë очиқ бўлаëтганини, муваққат ҳукуматни либерализм йўлини танлагандек қилиб кўсатишдир. Бундай либераллар сардори эса муваққат президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовдир”, - дейди А.Улунян.

Президентликка номзодлар учун ажратилган эфир вақтини ўз рақибларига совға қилган Қ.Бердимуҳаммедов гарчи баëнотларини Сапармурод Ниëзов сиëсатини давом эттириш ҳақидаги гапдан бошласа-да, амалда унга тескари бўлган анча-мунча ваъдалар бериб қўйди. Булар орасида оддий туркманистонликларга Интернетдан фойдаланиш имконини яратиш, ўрта ва олий таълимни ислоҳ қилиш, пенсия сиëсатини қайта кўриб чиқиш ва ҳоказолар бор. Қ.Бердимуҳаммедовнинг бундай ваъдалари президентликка бошқа номзодлар, хусусан, 9 январь куни сайловчилар билан учрашган Туркманбоши шаҳри ҳокими Аширниëз Поманов гап-сўзлари билан қиëсланса, уни демократлар етакчисига айлантирмай қолмайди.

А.Поманов сайловчилар билан учрашувдаги нутқининг деярли ҳар бир гапини “боқий Сапармурод Туркманбоши, буюк сардор чизиб берган ëрқин келажак” томон ишлашдан толмаслигини таъкидлаш билан бошлаб, шундай ваъда билан тугатди.




У 10 минутлик чиқишида С.Ниëзов номини турли сифатларда камида 27 марта тилга олди. Бундай қарашдаги одамдан қандай ўзгариш ва қандай янгилик кутиш мумкин, дейди сайловолди учрашувини бевосита кузатган ашхободлик сайловчилардан бири “Озодлик” мухбирига.




11 февралга белгиланган президент сайловига ўз номзодини қўйганлар Туркманбошининг сиëсий-иқтисодий йўлини давом эттириш ҳақида бири кўпроқ, бири озроқ ваъда қиляпти. Оддий сайловчилар эса бўлажак президентнинг С.Ниëзовдан сал бўлса-да, фарқ қилишига умид билдирмоқда. Бундай умид, айниқса, келажак ҳақида орзу қилишдан бошқа ҳеч вақоси йўқ туркман ëшлари кўнглида анчагина ўсиб бораётир.

Туркман қишлоқларидан бирида яшовчи 19 ёшли Жамол ёшларга келажак учун умид берилса, қишлоқ ëшларига иш, ер берилса, улар иш излаб шаҳарларда сарсон-саргардон кезишдан тўхтаб, ўз ерида жон, деб тер тўкишини айтади.

“Қишлоқлардаям кутубхона, шифохона, маданият уйлари, чироқ каби нарсалар қайта пайдо бўлса, қишлоқдаям одамдек яшашга имкон берилса, дейман. Туркман халқи ҳеч замонда ҳозирги каби хор, ўз қизлари танини сотиб келтирган нонини ейишга муҳтож бўлмаган. Балки бўлажак янги президент шу вазиятни кўриб-билиб, ундан бир хулоса чиқарар, деб умид қиламан”, - дейди Жамол.
XS
SM
MD
LG