Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:51

Аҳоли диспансерлар қурилишидан норози бўляпти


Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани 7-даҳасида яшовчилар ўз уйлари яқинида сил ва тери-таносил касалликлари диспансерлари қурилишидан норозилик билдирмокда.

7-даҳадаги 32, 34, 35, 36, 41, 42 ва 43-уйларда яшовчиларнинг шикоят хати Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, шаҳар кенгаши депутати Мелкумов, Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Қурбонов ва Чилонзор тумани соғлиқни сақлаш бўлимига йўлланган.

Уларнинг фикрича, болалар майдончаси ва дарахтзорни бузиб, ўрнига юқумли касалликлар диспансерларини қуриш нотўғридир.

Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимаси Венера Жўраева “Озодлик”ка берган интервьюсида мазкур шикоят ўрганиб чиқилаëтганини айтди.

“Бугун шикоятчиларнинг ўзи идорамизга келди. Ҳозир мутахассисларимиз бу муаммони ҳар томонлама ўрганмоқда. Муаммони тўла ўрганмасдан бирор нарса дейиш қийин. Ўрганиб чиққанимиздан кейин эса бизга мурожаат қилган одамлар ва ташкилотларга ўз жавобимизни берамиз”, - деди В.Жўраева.

Ҳозирча шаҳар санитария-эпидемиология назорати маркази 7-даҳа аҳолиси шикоятига жавоб берган ягона идора ҳисобланади.

Марказ бош врачи ëрдамчиси Алимуҳаммедов имзоси билан берилган жавобда: “Даволаш-профилактика муассасаларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланишнинг санитария меъёрлари ва қоидалари сил стационарига тегишлидир. Сил диспансери стационарсиз қурилаётгани эътиборга олинса, турар жойлардан санитария ҳимоя масофаси соғлиқни сақлаш муассасаларини лойиҳалаш ҳақидаги қўлланманинг 5-бандига кўра, 15 метрдан кам бўлмаслиги керак”, - дейилган.

Маълум бўлишича, аҳоли яшайдиган уй билан сил диспансери қурилиши режалаштирилган ҳудуд орасида камида 20 метр жой бор. Демак, марказнинг жавобидан диспансер мавжуд талабларга риоя қилинган ҳолда қурилаётгани англашилади.

7-даҳа аҳолиси шикоят аризаси билан турли идораларга мурожаат қилаëтган айни пайтда битта жойда иккита диспансерни қуриш ишлари бошлаб юборилгани айтилади. Шикоят хати муаллифларининг билдиришича, диспансер қурилиши кутилаëтган ҳудуд темир панжаралар билан ўралмоқда.

Аммо Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимаси Венера Жўраева бу маълумотни инкор этади.

“Қурилиш ҳали бошланмаган, лекин қозиқлар қоқиб қўйилган. Биз жойни кўриб, аҳоли билан гаплашиб келдик. Энди бу масала муҳокама қилиниши керак”, - деди В.Жўраева.

7-даҳа аҳолисининг қурилишдан норози бўлаётганига сабаблардан бири улар сил ва тери-таносил касалликлари тарқалиши эҳтимолидан хавотирланаётганидир.

Чилонзор тумани ҳудудий тиббиëт бирлашмасининг ўзини Наргиза, деб таништирган ходимаси аҳолининг диспансер қурилишидан норозилиги ўринсиз эканини айтди.

“Касалхона қурилмаяпти-ку! Бу ер одамлар тиббий текширувдан ўтадиган, яъни поликлиникага ўхшаган жой бўлади. Ëтадиган стационар эмас. Одамлар тушунмай тўполон қилди. Лекин кейин мажлис бўлди, ҳокимликдан келишди. Афтидан ҳаммаси ўз жойига тушган кўринади”, - деди Наргиза.

Шунга қарамай, Чилонзорнинг 7-даҳасида сил ва тери-таносил касалликлари диспансерлари қурилиши давом этадими-йўқми, деган савол ҳозирча жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG