Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

Жорж Буш Ироққа оид янги стратегиясини эълон қилди


10 январь кечқурун АҚШ президенти Жорж Буш кўпдан гапириб келинган Ироққа оид янги стратегиясини эълон қилди. Мазкур стратегиянинг асосий банди Ироққа қўшимча аскарлар жўнатишни кўзда тутади.

Янги стратегияга кўра, АҚШ Ироқдаги хавфсизлик вазиятини яхшилаш мақсадида у ерга қўшимча 21,5 минг аскар жўнатади.

АҚШнинг Ироқ урушидаги яқин иттифоқчилари бу қарорни олқишлаëтган бир пайтда аксарият мустақил кузатувчилар қўшин сонини кўпайтириш Ироқдаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатишига шубҳа билдирмоқда.

АҚШ президентининг Ироққа оид стратегиясига дастлабки муносабатлар Оқ уйнинг яқин иттифоқчилари саналмиш Токио, Лондон ва Канберрадан билдирилди. Чунончи Австралия бош вазири Жон Ҳовард бу стратегияни олқишлади.


“Президент Буш қаршисида икки имкондан бирини танлаш – ë қўшин сонини ошириш ëки Ғарб Ироқда мағлубиятга учради, деган гапни айтиб, Ироқдан қўшинларни олиб чиқишга ҳозирлик бошлаш турган эди. Менимча, президент ҳозирги шароитдаги ягона реалистик қарорга қўл урди”, - деди Жон Ҳовард.

Ироққа шу ойдан бошлаб юбориладиган қўшимча кучларнинг барчаси Бағдодга жойлаштирилади. Ироққа қўшимча ҳарбий жўнатиш, Буш режасига кўра, 5 миллиард 600 миллион долларга тушади ва бу маблағни тасдиқлаш-тасдиқламаслик энди Конгресс ихтиëридадир.

Мазкур режа эълон қилинмай турибоқ уни кескин норозилик билан қарши олган мухолиф демократлар нима қилиб бўлса-да, Ироққа қўшимча аскар юборишни тўхтатиш ниятида эканини билдирди.




“Биз Ироқдаги ҳарбий вазиятнинг янада кескинлашувига қарши гапириш билангина чекланмаслигимиз керак. Бунинг олдини олиш учун ҳаракат қилмоғимиз шарт”, - деди Ироқ урушининг ашаддий мухолифларидан бири демократ сенатор Эдвард Кеннеди.

Жорж Бушнинг Ироққа оид янги стратегияси мухолиф демократлар баробарида Дамашқ ва Теҳронда ҳам танқид билан қарши олинди. Буш томонидан Ироқдаги террорчиларни қўллаб-қувватлаëтганликда яна бир бор айбланган Сурия ва Эрон расмийлари Ироққа қўшимча қўшин юбориш режасини “истилони давом эттириш ва вазиятни тушунмаслик”, дея қоралади.

Оқ уйнинг иттифоқчилари ва расмий Бағдод Ж.Бушнинг Ироққа оид стратегиясини олқишлаëтган, ички ва ташқи мухолифлар уни қоралаëтган бир пайтда аксар ҳукуматлар, қолаверса, мустақил кузатувчилар унга эҳтиëткорлик билан муносабат билдирмоқда.

Хусусан, Европа Иттифоқи матбуот котиби Эмма Удвин Ж.Бушнинг Ироқдаги вазиятни яхшилаш учун кенгроқ чораларга қўл уришига умид қилди.



“Ироқдаги ҳозирги вазиятга ечим топиш фақат хавфсизлик эмас, балки сиëсий, хусусан, миллий келишув жараëнини кенгайтириш каби кенг кўламли чоралар воситасида бўлмоғи керак”, - деди Эмма Удвин.

Жаҳон расмийларидан фарқли ўлароқ, аксарият мустақил кузатувчилар Ироққа қўшимча ҳарбий жўнатиш вазиятни ўнглашига очиқчасига шубҳа билан қарамоқда. Улар назарида бундай ҳаракат Ироқ дардига даво топиш ўрнига касаллик белгиларини хаспўшлашгагина хизмат қилади.

Жорж Буш Ироққа қўшимча ҳарбий жўнатиш баробарида Бағдод ҳукумати олдига мамлакатдаги барча мазҳабий ва миллий гуруҳларни сиëсий жараëнларга жалб этиш, нефтдан келаëтган даромадни улар ўртасида тенг тақсимлаш талабини ҳам қўйди. Бундай талабни ижро этиш аксарияти шиалардан иборат ҳозирги Бағдод ҳукумати қўлидан келадими-йўқми, келса у бу талабни ижро қилишга хоҳиш кўрсатадими-йўқми, кузатувчилар фикрича, бу ҳам катта савол остида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG