Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:12

Ўзбекистонлик мигрантларга энди Қирғизистонда ҳам тинчлик бўлмайди


Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда юзлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари қонуний рўйхатдан ўтмаган ҳолда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида тирикчилик қилади.

Ўш вилоят ҳокимлиги коллегиясида бу меҳнат мигрантлари масаласи кўриб чиқилди. Йиғилишда таъкидланишича, бу меҳнат мигрантлари арзимаган пул эвазига ишламоқда. Бу эса Қирғизистон меҳнат бозорини касод қиляпти.

Андижонлик 25 ёшли Салимахон Искандарова Қорасув бозорида ҳаммоллик қилади.

“Шу ерларда сарсон бўлиб юрибмиз. Савдогарларга 100-200 сўм эвазига юкини ташиб беришни сўраб ёлворамиз, ялинамиз. Ўзимни тиланчилик қилиб юрган бир гадой каби ҳис қиламан”, - дейди Салимахон Искандарова.

Қорасув бозорида ҳаммоллик қилувчи андижонликларнинг сони юзтадан ортар экан. Улар Ўзбекистонда иш йўқлиги ва ойлик озлиги туфайли мана шу бозорда энг оғир ишларни бажариб тирикчилик қилишга мажбур эканини айтади.

Андижонлик ҳаммоллар бир кунда уч мингдан беш минг ўзбек сўмигача пул топади. Улар журналистлар билан гаплашишни ёқтирмайди. Ҳаммоллар қирғиз расмийлари уларнинг бу ерда ишлаётганидан матбуот орқали хабар топиб, ўзларини ҳайдаб солишларидан чўчийди.

Уларнинг гапларида ҳам жон бор. Ўш вилояти губернатори Жонтўра Сотволдиев вилоят коллегияси йиғилишида шу масалани кўндаланг қўйди.

“Бугунги кунда қирғизистонликлар иш излаб чет элларда сарсон юрган бир пайтда биз мигрантлар оқимини назорат қилишимиз керак. Қорасув бозорининг ўзиёқ 400-500 ўшликни қўшимча тарзда иш билан таъминлаши мумкин. Лекин бугун уларнинг ўрнини қўшни давлатдан келган меҳнат мигрантлари эгаллаб турибди. Бу масалани ҳал қилиш керак”, - деди губернатор.

У ноқонуний меҳнат миграциясини назоратга олиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқишга кўрсатма берди. Бу чора-тадбирлар қандай йўналишда экани ҳозирча ошкор қилингани йўқ. Лекин Ўш вилояти милицияси матбуот котиби Жениш Аширбоев сўзларига кўра, бу қарор, энг аввало, Қирғизистон ҳудудида рўйхатдан ўтмай, солиқ тўламай ишлаётган ва яшаш учун курашаётган ўзбекистонлик мардикорлар фаолиятини кескин чеклаши мумкин. Қолверса, улар қирғиз милицияси учун ҳам муаммо туғдирмоқда.

“Ноқонуний меҳнат мигрантлари бир-бирини талагани, бир-бирини пичоқлаб қўйгани кўп қайд этилган”, - дейди Жениш Аширбоев.

Қорасув бозорида ўзбекистонлик мардикорлардан ташқари ўзбекистонлик савдогарлар ҳам тирикчилик қилади. Ўш вилояти губернатори савдо шаҳобчаларига ноқонуний тарзда эгалик қилаётган хорижлик савдогарлар масаласини ҳам ўрганиб чиқишга буйруқ берди.

“Сизлар ўз манфаатингизни кўзлаяпсиз. Савдогарлик билан шуғулланувчи меҳнат мигрантлари сизнинг томоқларингизни мойлаб туришини ҳамма билади. Шунинг учун мен мана шу савдогарлар масаласи ҳам назоратга олинишини талаб қиламан”, - деди губернатор ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарата.
XS
SM
MD
LG