Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:20

Умиданинг ҳимоячилари сафи кенгаймоқда


Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонда ҳибсга олинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзованинг дарҳол озод этилишини талаб қилиб чиқди.

Шундай қилиб, У.Ниёзовани озод этиш чақириқларига дунёнинг журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи яна бир етакчи ташкилоти қўшилди.

Бир муддат аввал Москвадаги Экстремал журналистика маркази ҳам шу марказга қарашли “Оазис” мустақил интернет журнали мухбири бўлиб ишлаган У.Ниёзованинг озод этилишини талаб қилганди. Шунингдек, “Ҳьюман райтс уотч”, “Халқаро амнистия”, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотлари ҳам У.Ниёзованинг озод этилиши талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси директори ўринбосари Роберт Махнининг таъкидлашича, У.Ниёзованинг таъқиб этилиши Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ оғир вазиятни акс эттиради.

“2005 йил май ойида Андижонда қотилликлар содир бўлгандан буён Ўзбекистондаги журналистлар тақдири юзасидан хавотирда бўлиб келдик. Бу воқеадан кейин жуда кўп мустақил журналистлар таъқиб остига олинди. У.Ниёзованинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукуматининг журналистларга қарши кампаниясининг давомидир. Умид қиламизки, бу ҳукуматга босимни кучайтириш Умиданинг озод қилинишига олиб келади. У ёмон иш қилгани йўқ, ахир. Унинг дарҳол озод этилишини талаб қиламиз”, – деди Р.Махни.

У.Ниёзова Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда ноқонуний материалларни олиб ўтишда айбланмоқда. Икки ёшли боланинг онаси, 22 январда ҳибсга олинган У.Ниёзова ҳозир Тошкент қамоқхонасида сақланаётир. Ҳибсга олинишдан бир ой муқаддам Тошкент аэропорти божхона ходимлари унинг компьютерини мусодара қилган эди.

Тергов идораларининг даъво қилишича, унинг компьютерида Ўзбекистон конституциясига зид материаллар борлиги аниқланган.

Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов У.Ниёзовани озод этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига кўпроқ босим ўтказишга чақирди.

“Умиданинг бугунги вазияти шу қадар оғирки, унинг ҳимояси учун қилинган дастлабки мурожаатлар бу вазиятга мутаносиб эмас. Кўпроқ халқаро ташкилотлар Умиданинг озод этилиши талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиши ва зарур бўлса, бу мамлакат раҳбарига босим ўтказиши керак. Ислом Каримовга болали аёлни қамаб ёмон иш қилибсан, деб тушунтириб бўлмайди. У фақат босимни тушунади, бу унинг ўз фуқароларига қилаётган муносабатидир. Одамларни ахборот материаллари ёки ғоялар учун ҳибсга олиш 37-йилнинг қатағонлари билан баробардир”, - деди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG