Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Убайдулла Яманқулов ҳам кетди...


14 февраль куни Жиззах вилояти халқ депутатлари кенгашининг Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган навбатдан ташқари сессиясида мазкур вилоят ҳокими Убайдулла Яманқулов ишдан бўшатилди.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Ш.Мирзиёев кутилмаганда Жиззахга келган ва навбатдан ташқари йиғилиш ўтказган. Унда вилоят ҳокими У.Яманқулов соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимидан кетгани, Мирзачўл тумани ҳокими Муса Анорбоев эса вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганини маълум қилган.

У.Яманқулов 2001 йилдан буён Жиззах вилоятига ҳокимлик қилаётган эди. Шу давр ичида у Ўзбекистондаги ҳокимлар орасида энг уронғич, энг сўконғичлиги билан ном қозонди.

Ўзбекистон-Америка муносабатлари совуқлаша бошлаган илк даврда мамлакат ҳукуматининг АҚШ маъмуриятига қаратилган танқиди ҳам биринчи бор унинг оғзидан янграган эди.

Айни пайтда У.Яманқуловнинг кейинги тақдири қандай бўлиши номаълум бўлиб турибди.

У.Яманқуловнинг бу тарзда алмаштирилиши жиззахликлар учун анчайин кутилмаган бўлди.

“Бир ҳафта муқаддам вилоятга президент Каримов келармиш ва Яманқуловни яна юқори лавозимга олиб кетар эмиш, деган овоза тарқалган эди”, - дейди Жиззах шаҳрида яшовчи оддий фуқаролардан бири.

Бу каби овозаларидан хабари бор жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов ҳатто У.Яманқулов Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланиши ҳақида гаплар юрганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, У.Яманқулов 2001 йилдан буёнги ҳокимлиги даврида ўта қаттиққўл, уронғич ва сўконғич раҳбар сифатида танилган, вилоят амалдорларини мунтазам қўрқувда сақлаган. У.Ямақулов даврида Жиззах вилоятида иқтисодий-ижтимоий аҳвол ўта оғир ҳолатга келган, аммо эндиликда собиқ ҳоким вазиятнинг яхшилиги ҳақида мамлакат раҳбариятига қўшиб ёзиш орқали сохта ахборот бериб келган.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин доиралардаги манбалар ҳам У.Яманқуловнинг ишдан олиниши бош сабаби сўнгги икки йил ичида, айниқса, пахта масаласи бўйича бир-икки кўзбўямачилик қилгани ва шу билан мамлакат раҳбариятининг анча-мунча режаларини чиппакка чиқаргани ҳақида айтмоқда. Аммо бу норасмий маълумот. Расмий манбалар эса, юқорида таъкидланганидек, У.Яманқулов соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўз аризасига биноан ишдан кетганини билдиряпти.
XS
SM
MD
LG