Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:06

Элчи Омбудсманга нима деди?


Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Сайёра Рашидова Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маттиас Майер билан учрашди.

“Uzreport.com” сайтининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, Ўзбекистон Омбудсмани ўз фаолияти, келгуси режалари ва мамлакат ҳамда хориждаги ҳамкорлар билан алоқаларига оид сўнгги ҳисоботини Германия элчисига тақдим қилган. Ўз навбатда, М.Майер Омбудсманнинг яқинда Германияга қилган сафари, мамлакат қамоқхоналаридаги вазият, Европа Иттифоқининг конкрет фактлар бўйича Ўзбекистон ҳукуматига киритган сўровлари борасидаги саволларига жавоб олган.

Бу учрашув ҳақида ҳозирча бошқа тафсилотлар берилгани йўқ. Омбудсман идораси ва Германия элчихонасидан ҳам тўлиқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

ЕИга раислик қилаётган Германиянинг Ўзбекистондаги элчилиги сўнгги пайтда бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан қизиқаётгани, хусусан, элчилик расмийларининг Ўзбекистон ҳукумати босими остида ноҳақ банди қилингани айтилаётган кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари ва уларнинг яқинлари билан учрашгани, бу борадаги вазиятни яқиндан ўрганаётгани маълум. Жумладан, Германия элчисининг котиби Уве Берндт сиёсий маҳбус, дея аталаётган Ихтиёр Ҳамроев билан шахсан учрашди. Ҳозир тергови бораётган инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниёзова ва ҳукумат тазйиқига учраган бошқа инсон ҳуқуқлари фаолларининг яқинлари билан кўришди.

Элчи М.Майер ҳам 31 январь куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказиб, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи Гремания ҳукумати ва айни вақтда ЕИни чуқур хавотирга солаётганини эътироф этди ва“фақат салбий нарсаларни гапиришдан фойда йўқлиги, асосий эътиборни натижага қаратиш лозим”лигини қўшимча қилди.

Элчининг Сайёра Рашидова билан учрашуви муайян натижага қаратилган саъй-ҳаракатлар йўналишидаги яна бир қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ўта аянчли аҳволда эканини таъкидлаган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Берг шу вазиятда Ўзбекистон билан мулоқот ўрнатишга уринаётган Германия ҳукуматидан ўзига берилган ваколатдан имкон қадар самарали фойдаланишни талаб қилишини билдирди.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини ўнглаш бўйича халқаро жамоатчилик танқиди натижасини деярли кўрмаяпмиз. Биргина ўтган йили яна кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ҳибсга олинди. Уларнинг озод қилиш бўйича қатор халқаро ташкилотлар талабига қарамай, фақатгина икки киши – инсон ҳуқуқлари фаоли Ёдгор Турлибеков ва журналист Улуғбек Ҳайдаров озод қилинди, холос. Шу боис, ҳозир ЕИга раислик қилаётган Германия ҳукуматидан ўз ваколатларидан имкон қадар самарали фойдаланишини талаб қиламиз”, - деди Андреа Берг.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари аҳволини ўрганувчи ташкилот раҳбари Надежда Отаева ҳам шу фикрга қўшилар экан, Каримов режимининг, айниқса, сўнгги йиллардаги тутуми охир-оқибатда мулоқот йўлига ўтишни тақозо қилаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон Омбудсмани Сайёра Рашидова мамлакатда инсон ҳуқуқларининг асл вазиятга баҳо беришдан мунтазам тийилиб келади ва бу ташвишланарли ҳол. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти эса йилдан йилга оғирлашмоқда, қатағон кучаймоқда. Шахсан мен шундай бир вазиятда Ўзбекистон Омбудсмани билан мулоқот бошлашга уринишдан жиддий натижа кутмайман. Бироқ юзлаб сиёсий маҳбуслар ҳануз панжара ортида қолаётгани Ўзбекистонда Каримов режими ўзгармагунча бирор жиддий ўзгариш бўлиши маҳоллигини кўрсатмоқда. Ана шу зулмкорона режим билан мулоқотлар ўрнатишга уринишлар бўлаётган экан, биз бундан қандайдир ижобий натижага умид қиламиз”, - деди Надежда Отаева.

Бироқ Германия элчиси ва Омбудсман ўртасида тақдири муҳокама этилган ўзбекистонлик аксар ҳуқуқ ҳимоячилари бундай фикрда эмас. Хусусан, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси ўтган йил 5 декабрда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ёнида пикет ўтказиб, Германия ҳукуматини президент Каримовнинг диктаторлик режимини ошкора қўллаганликда айблаган эди. ЕИга раислик қилаётган Германия ҳукумати номига бундай танқидлар ҳануз янграмоқда.
XS
SM
MD
LG