Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:40

Бир миллион евролик матбуот эркинлиги


Европа Иттифоқи Ўзбекистонда матбуот эркинлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа учун бир миллион евро ажратишга қарор қилди. Бу лойиҳа уч йилга мўлжалланган.

Лойиҳа доирасида уч юз журналист ва ҳукумат идоралари матбуот хизматларининг 150 ходимини қайта тайёргарликдан ўтказиш, бу иш Германиядаги Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан амалга оширилиши режалаштирилган.

Конрад Аденауэр жамғармаси ходимаси сўзларига кўра, ўзбекистонлик журналистларни қайта тайёрлаш лойиҳасининг 80 фоизи ЕИ томонидан молиялаштирилади.

Ўзбекистондаги Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова эса банд эканини баҳона қилиб, бу лойиҳа ҳақида фикр билдиришнии истамади.

Ҳозир Германияда яшаётган ўзбекистонлик журналист, “Ўзньюс.нет” сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоева ЕИ Конрад Аденауэр ва Журналистларни қайта тайёрлаш марказига маблағ ажратаётганини пулларни ҳавога совуриш, деб атади.

Унинг сўзларига кўра, ҳар икки ташкилот ҳам мустақил журналистика муаммоларини тушунмайдиган муассасалар эканини намоён этиб келган.

“Давлат ахборот воситаларига ишлайдиган журналистларни қайта тайёрлашдан фойда йўқ. Уларнинг савияси паст демоқчи эмасман. Улар эркин ёзиши учун шароитнинг ўзи йўқ. Уларга эркинлик берилса, ҳамма нарсани қойиллатади. Шунинг учун уларга аввал эркинлик берилиши керак”, - дейди Г.Бухорбоева.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов эса бу лойиҳа мамлакатда сўз эркинлигини қарор топтириш ва маҳаллий идоралар матбуот котиблари савиясини оширишга оз бўлса ҳам самара беришига ишонишини айтди.

Германия расмийларидан бири: “Лойиҳа Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида яхшиланиб бораётган муносабатларни акс эттиради, аммо Ўзбекистонда эркин матбуот яратиш учун ҳали кўп иш қилиниши керак”, - деган эди.

Конрад Аденауэр жамғармасининг лойиҳа тақдимот маросимида қатнашган раҳбари Грегор Шуссель ҳамма нарса аста-секинлик билан амалга оширилишини билдирди. Европарламентнинг Ўзбекистонга борган вакиласи Элизабет Жеггл эса лойиҳанинг амалга оширилиши яқиндан кузатиб борилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG