Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:54

“Бирдамлик” фаоли ҳибсга олинди


“Бирдамлик” ҳаракатининг шаҳрисабзлик фаоли Фахриддин Бердиев босқинчилик ва талончиликда айбланиб ҳибсга олинди. “Бирдамлик” бу ишлар ҳаракат 8 мартда ўтказишни режалаштирган митинг билан боғлиқ эканини айтмоқда.

Фахриддиннинг онаси, “Бирдамлик” фаоли 80 ёшли Муқаддам Маманазарова ўғли сиёсий фаолияти учун ноҳақ туҳмат билан ҳибсга олинганини айтади.

“Мен Тошкентга бориб икки марта намойишга чиқдим. Шундан буён булар (ҳуқуқ-тартибот ходимлари) менга қасд қилиб ётибди. Ёнига таниш бир қиз келганида ўғлим ҳазил қилиб унинг қўлидан мобиль телефонини олган. Қиз ҳам телефонини ўғлимга қолдириб кетиб юборган. Орадан бироз ўтгач, милицияга бориб ўғлимнинг устидан ариза ёзган. Эмишки, ўғлим у қизнинг телефонини ўғирлаганмиш. Қасддан қилишган. Фахриддинни қамаш учун уларга асос керак бўлганда. Қиз кетганидан ярим соат ўтгач, 10 дан зиёд милиционер келиб ўғлимни уриб-уриб милиция идорасига олиб кетган. Мен бу хабарни эшитиб милиция идорасига борсам ўғлимни уришаётган экан. Унинг бақирган овозларини эшитдим”, - дейди М.Маманазарова.

Унинг айтишича, ўғли ҳибсга олингач, уйида милиция ходимлари томонидан тинтув ҳам ўтказилган.

“Уйимизни ағдар-тўнтар қилиб тинтув ўтказишибди. Ҳамма нарсаларни у ёқдан бу ёққа отиб ташлашибди. Гиламларнинг таги борми, сандиқ ичлари борми, кўрпа-тўшаклар ораси борми, ҳамма ёқни текширишибди. Ҳатто гиламнинг тагига яшириб қўйган 500 минг сўм пулимни ҳам олиб кетишибди”, - дейди М.Маманазарова.

Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Баҳодир Сармоновнинг билдиришича, Ф.Бердиев 150 минг сўм турадиган мобиль телефонни бир аёлдан тортиб олгани учун босқинчиликда айбланиб ҳибсга олинган.

“Аёл бизга ёзма ариза билан мурожаат қилди. Ф.Бердиев ўғирлик, талончиликда айбланади. Ҳеч қандай сиёсий айбловлар қўйилмаган унга”, - деди Б.Сармонов.

М.Маманазарова 4 кундан буён ўғлининг қаерда экани номаълум эканини айтади.

“Борсам ўғлим билан учраштиришмайди. Раҳбарлар олдига киргизгани қўйишмайди ҳам. Болам қаерда эканини билмайман. Йўқ болам, уриб-уриб яшириб қўйишган”, - дейди онахон.

Б.Сармонов эса Ф.Бердиев вилоят ички ишлар бошқармасида экани, унинг адвокати билан бемалол учрашиш мумкинлигини маълум қилди.

М.Маманазарованинг таъкидлашича, ўғли Фахриддин “Бирдамлик” ҳаракати аъзолари шу йил 8 март куни Ўзбекистон бўйлаб ўтказишни режалаштираётган митингнинг олдини олиш мақсадида ҳибсга олинган.

“Бундай тазйиқ ўтказаверишса, мен ҳамма нарсага тайёрман. Намойишга чиқсак, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз. 8 мартда митинг ўтказишимизнинг олдини олиш учун улар шундай қилишяпти. Ўтган йил 8 декабрда ҳам шунақа турли босимлар ўтказишганди бирдамликчиларга”, - дейди М.Маманазарова.

Ўтган йил 8 декабрь - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 14 йиллиги муносабати билан “Бирдамлик” аъзолари Шаҳрисабз шаҳрида 30 дақиқалик тинч митинг ва байрам паради ўтказишга уринган, аммо вилоят расмийлари бунга рухсат бермаган эди. Ўшанда “Бирдамлик” ички ишлар ходимлари ҳаракат аъзоларини мунтазам назоратга олгани ва митингни ўтказишга тўсқинлик қилишга муваффақ бўлганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG