Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:14

Илк фазогир аёл 70 ёшини қаршилади


1963 йил 16 июнда “Восток-6” кемасида фазони забт этган биринчи космонавт аëл Валентина Терешкова 70 ëшни қаршиламоқда. У фазога илк парвози чоғида Ер атрофини 48 марта айланган эди.

1937 йил 6 мартда Ярославл вилоятида таваллуд топган В.Терешкова ўрта мактабни битиргач, тўқимачилик фабрикасида ишлади. Маҳаллий парашютчилар клубига аъзо пайтида у пастдан тепага эмас, тепадан пастга қараб учарди. Кейинчалик В.Терешкова космонавтлар отрядига қабул қилинди.

Биринчи фазогир Юрий Гагариннинг 1961 йилги космосга илк парвозидан сўнг СССР раҳбарларида аëл космонавтни кўриш орзуси пайдо бўлди. Аёл космонавт ёши 30 дан ошмаган, бўйи 170 сантиметр, оғирлиги эса 70 килограмм бўлиши керак эди. В.Терешкова айни шу талабларга мос келадиган аëл эди. Ойлаб машғулотлардан сўнг 1963 йил 16 июнда у фазога кўтарилди.

“Фазо нормал давом этяпти. Кемадаги тизимлар жуда яхши ишлаяпти. Ҳаво ҳарорати 20 даража, намлик 40 фоиз. Мен ўзимни жуда яхши ҳис этяпман”, - дея ерга ахборот жўнатганди В.Терешкова.

Фазога илк аёлни чиқариш билан СССРнинг обрўси янада ошди. “Совуқ уруш”да яна бир ғалаба қўлга киритилди.

В.Терешкова фазода қўғирчоқ аëл функциясини бажаргани, аслида эса “Восток-6” кемаси пастдан туриб бошқарилгани ҳақида гап-сўзлар ҳам бу парвознинг обрўсига путур етказа олмади.

Яқинда “Российская газета”га интервью берган В.Терешкова илк парвоз ҳақида шу пайтгача оммага ошкор этилмаган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Унинг айтишича, “Восток-6” орбитадан пастга тушиш ўрнига маълум вақт тепага қараб кўтарила бошлаган ва кемада носозлик пайдо бўлган. Бу носозликни эса совет фазо дастурининг ўшандаги раҳбари Сергей Королёв тузатишга муваффақ бўлган.

Фазога парвоз В.Терешковани ҳақиқий қаҳрамонга айлантирди. Совет даврида бу машҳурлик ортидан у катта-катта лавозимларда ишлади.
XS
SM
MD
LG