Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:14

Фрадков сиёсий мулоқотни жиддий иқтисодий мазмун билан тўлдирмоқчи


6 март куни Тошкентга келган Россия бош вазири Михаил Фрадков 7 март куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бош вазир Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.

Россия расмий делегацияси таркибида “Роспром” раҳбари Борис Алёшин, Федерал миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановский, Молия ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирликлари расмийлари ҳамда “Газпром” ва “ЛУКОЙЛ” компаниялари вакиллари бор.

Хабарларга кўра, Б.Алёшин Тошкентдаги музокаралар давомида Ўзбекистонда “Ми-8” ва “Ми-24” русумли вертолетларни қайта таъмирлайдиган қўшма корхона очишга келишиб олинганини, бу МДҲ ҳудудида биринчи шундай қўшма корхона бўлишини маълум қилган.

“Тошкентдаги музокараларда М.Фрадков томонидан уч асосий соҳа устивор йўналиш сифатида белгилаб олинди. Булар атом энергетикаси¸ табиий захиралар ва самолëтсозлик соҳаларидир”, - деган Борис Алëшин.

Шунингдек, яқин 1,5 ой ичида меҳнат муҳожирлари ҳақидаги келишув ҳам имзоланиши хабар қилинмоқда. Расмий маълумотларда Россияда ҳозир ўзбекистонлик 100 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири борлиги айтилса, норасмий манбалар улар сони юз минглар билан ўлчанишини билдиради.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораëтгани, бунда Ўзбекистон ва Россия президентлари томонидан 2005 йил ноябрда имзоланган иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаëтганини алоҳида таъкидлайди.

Расмий ахборот агентликлари М.Фрадков сўзлардан иқтибос келтирар экан: “Россия Ўзбекистон билан сиëсий ва иқтисодий муносабатларни чуқурлаштиришга интилмоқда”, - деб ëзади.

Мустақил кузатувчи Виталий Портников Россия бош вазири сўнгги пайтларда тез-тез сафарларга чиқаётгани, шунинг учун унинг навбатдаги сафарига ҳам алоҳида урғу беришга ҳожат йўқлигини айтди.

“Андижон воқеаларидан кейин Москва-Тошкент муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам ижобий тус олди. Бугунги кундаги сиëсий муносабатларни иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбекистон сармоя ëтқизиш ва бизнес учун ëпиқ бозор ҳисобланади ва айрим кланлар томонидан бошқарилади. Россия эса бу бозорни кенгайтириш истагида. М.Фрадковнинг И.Каримов билан ўтказган учрашуви асосий сабабини ҳам шунда кўраман”, - деди кузатувчи.

М.Фрадковнинг Тошкент сафари олдидан Россияга етказиб берилаётган ўзбек гази миқдорини ошириш ва икки давлат ўртасида савдо-сотиқ ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама этилиши маълум қилинган эди.

Бироқ 7 март куни Россиянинг “Ведомости” газетаси мамлакат иқтисодий тараққиёт вазири ўринбосари Андрей Шароновга асосланиб, расмий Тошкент “Газпром”нинг Ўзбекистонда амалга ошираëтган лойиҳаларидан қониқмаëтганини ëзди.

Бу мавзу М.Фрадковнинг Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан ўтказган музокараларида ҳам кўтарилган. Бироқ “Газпром” вакиллари “Озодлик” мухбирига бу ҳақда изоҳ беришни истамади.

“Газпром” Ўзбекистонда уч лойиҳада иштирок этмоқда. Улардан иккитаси бўйича олиб борилаётган иш эса Ўзбекистон ҳукуматини қониқтирмаган. Чунки бир лойиҳа бўйича “Газпром” 300 миллион доллар сармоя киритишни бўйнига олган, амалда эса бор-йўғи 30 миллион долларлик иш қилган. Шунингдек, бу компаниянинг геология-разведка ишларини жуда секин давом эттираётганидан ҳам Ўзбекистон томонининг кўнгли тўлмаётир.

Шунга қарамай, М.Фрадков ўзининг Тошкент сафари сиëсий мулоқотни чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун муҳим қадам қўйишига ва уни жиддий иқтисодий мазмун билан тўлдириш учун имкон яратишига умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG