Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:27

Шавкат Азиз Ислом Каримовга “совға” тайёрлаганми?


Келаси ҳафтада Тошкентга ташрифи мўлжалланган Покистон бош вазири Шавкат Азиз Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга Тоҳир Йўлдош ёки унинг юқори мартабали сафдошларидан бири қўлга олингани ҳақида хушхабар келтириши мумкин.

Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили “Озодлик” мухбирига Ш.Азиз Тошкентга 13 март куни кечқурун етиб келиши кутилаётгани, ташриф икки кунга мўлжалланганини маълум қилди.

Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош Афғонистоннинг Покистонга чегарадош ҳудудларида қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ҳали расман тасдиқланмаган бўлса-да, агар у ҳақиқатан ушланган бўлса, Ш.Азиз Тошкентда ўзига хос “ютуқли карта” билан келади. Ҳар ҳолда кузатувчилар шундай тахминларни илгари суряпти.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев ҳозир Тошкент ва Исломобод экстремизм ва террорга қарши кўпроқ курашиш йўлларини ўйлаётгани ҳақида гапирар экан: “Кейинги пайтларда Вазиристонда Тоҳир Йўлдош қўлга тушгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Покистон қўшинлари ҳам Т.Йўлдош сафдошларини йўқотишга ўз ҳиссасини қўшган. Эҳтимол у ушланган бўлса, уни Тошкентга олиб келиб тергов қилиш имконияти туғиладими, деган фикрдаман”, - деди.

Албатта, бу каби расмий ташрифлар уч кунда ҳал қилинмайди ва бунга аввалдан тайëргарлик кўрилган бўлиши шубҳасиз. Шунга қарамай, Ш.Азизнинг сафари Т.Йўлдош ёки унинг яқин сафдошларидан бири қўлга олинган пайтга, агар бу маълумотлар рост бўлса, тўғри келгани Покистон учун Тошкентда ўтадиган музокараларда ижобий рол ўйнайди.

Покистон билан Ўзбекистон террорга қарши курашдан ташқари яна қандай соҳаларда кенг ҳамкорлик қилиши мумкин?

“Uzreport” сайтининг ёзишича, 8 март куни Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Сайфуддин Исмоиловни Исломободда қабул қилган Покистон бош вазири Шавкат Азиз ўз мамлакати Марказий Осиë, хусусан, Ўзбекистон билан энергетика, савдо ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун коридор қураëтганини маълум қилди. Шунингдек, у икки мамлакатнинг географик яқинлигидан тўғри фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Исломободдаги учрашувнинг асосий мавзуси энергетика соҳаси бўлди. Ш.Азиз ўз мамлакатининг ёнилғи таъминоти учун Ўзбекистон билан нефть ва газ соҳасида қўшма корхоналар ташкил этилиши эҳтимолларига ишора қилди. Ўзбекистон томони ҳам Покистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирди.

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги олий даражали учрашувларнинг сўнггиси 2006 йилда Ислом Каримов Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг 2005 йилда Тошкентга қилган сафарига жавоб ташрифи билан Исломободга келганида бўлиб ўтганди. Ўшанда раҳбарлар аксилтеррор урушда ҳамкорлик қилишга келишиб олган эди.
XS
SM
MD
LG