Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

Покистон-Ўзбекистон: эришилган ва эришилмаган марралар


Тошкентга уч кунлик расмий ташриф билан келган Покистон бош вазири Шавкат Азиз Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинди ва бошқа расмийлар билан музокаралар ўтказди.

Ш.Азиз ҳамкасби Шавкат Мирзиёв билан икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик масалаларига бағишланган анжуманда иштирок этди ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо – сотиқ ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликка оид шартномага имзо чекди.

Покистон томони қўшма лойиҳаларни молиялаштиришни осонлаштириш мақсадида Тошкентда Покистон миллий банки филиалини очишни ҳамда Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти ва импорти учун айни пайтда қурилаётган Гвадар портидан фойдаланишни таклиф қилди.

Журналистлар билан учрашган Ш.Азиз Покистон томони Ўзбекистон билан, айниқса, энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирди.

“Покистон иқтисодиёти ўсиб борган сайин энергияга бўлган эҳтиёжимиз ортяпти. Ўзбекистон газ экспорт қилади. Покистон эса Ўзбекистондан газ ва электр энергиясини сотиб олишни истайди”, - деди Шавкат Азиз.

Ўтган йили Покистон ва Ўзбекистон ўртасида кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид ҳукуматлараро келишув имзоланган эди. Гарчанд бу давлатлар ўзаро муносабатлар даражасига ижобий баҳо бераётган эса-да, шу вақтгача улар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида жиддий ютуқлар кўринмайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан олиш мумкин бўлган энг охирги маълумотларига кўра, 2005 йилда Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти атиги 300 минг долларни ташкил этди. Ялпи товар айрбошлаш миқдори эса 5,5 миллион доллардан салгина ошди. Бугунги кунгача товар айрбошлаш ҳажми йилига 10 миллион доллардан ошмай келганини кўриш мумкин.

Ўтган йиллар давомида хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш масаласи бу давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг асосий йўналиши бўлиб келди. Бугун ҳам бу масалада Покистон Ўзбекистоннинг ишончли шериги бўлиб қолмоқда. 2001 йилдан буён Покистонда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг кўпгина аъзолари ва бу ташкилотга аъзоликда гумон қилинганлар ушланиб Ўзбекистон хавфсизлик кучларига топширилди.

2002 йил 6 март куни Ўзбекистон ва Покистон ўртасида экстрадиция тўғрисидаги шартнома кучга кирганди. Ўтган йилдан эса улар ўртасидаги халқаро террорчиликка қарши кураш бўйича ҳукуматлараро шартнома ҳам амал қила бошлади. Айнан шу келишувларда Покистон ҳудудида беркиниб юрган ўзбекистонликларни мунтазам равишда ушлаш ва Ўзбекистонга топшириш назарда тутилган. Аммо охирги пайтларда Покистоннинг ўзбекларни экстрадиция қилаётгани борасида хабарлар камайгандек. Афтидан, давлатлар ўртасида ҳамкорликнинг энди янги иқтисодий асослари изланмоқда.

“Бу сафарим Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги мустаҳкам муносабатларни янада кучайтиради ва ўзаро ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очади”, - деди Шавкат Азиз.
XS
SM
MD
LG