Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 16:05

Рустам Мўминов 5,5 йилга қамалди


Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон шаҳри жиноят ишлари суди ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга ноқонуний депортация қилинган Рустам Мўминовни 5,5 йилга озодликдан маҳрум этди.

Суд 42 ёшли Р.Мўминовни “Ҳизб ут-таҳрир” диний-сиёсий оқимига алоқадор, деб топган.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябининанинг айтишича, Р.Мўминов устидан суд ҳукми бундан икки ой аввал, 15 январь куни эълон қилинган. Аммо суднинг бу қарори шу кеча-кундузда маълум бўлган. Бу ҳақда ҳатто Р.Мўминовнинг яқинлари ҳам шу пайтгача билмаган.

Ўзбекистон фуқароси Р.Мўминов ўтган йил октябрь ойида “Фуқаровий кўмак”нинг Москвадаги идорасида ҳибсга олинган эди. Ўшанда Россия расмийлари унинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан бир қанча жиноятларни содир этишда айбланиб қидирилаётгани ҳақидаги сўрови асосида ушланганини билдирганди.

“Интерфакс” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги манбага таяниб ҳолда Р.Мўминовга қўйилган барча айблов суд жараёнида исботини топганини маълум қилди.

Аммо Р.Мўминовни ҳимоя қилиб келган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина унга қўйилган айбловлар асоссиз эканини таъкидлади.

“У ўзи иқрор бўлмаган жиноятда айбланди. У аввалдан “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилоти аъзоси бўлмаганини айтиб келган. Биз ҳам унинг бу ташкилотга аъзолиги борасида шубҳадамиз”, - деди Елена Рябинина.

Москва суди Р.Мўминовни Россия ҳудудида яшаш тартибини бузганликда айбдор топган, бироқ Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди уни Ўзбекистонга депортация қилишни тўхтатиб туришга қарор қилган эди. Аммо халқаро ташкилотларнинг бундай чақириқларига қарамай, Р.Мўминов мажбуран Ўзбекистонга бериб юборилганди.

Москвада яшаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг билдиришича, Андижон воқеаларидан кейин Россиядан Ўзбекистонга ноқонуний тарзда қирққа яқин ўзбек фуқароси мажбуран депортация қилинган ва уларнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG