Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:58

Гулнора Парижга йўл олди...ми?


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Парижда шоу уюштирмоқда. У бошқараётган Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси ҳомийлигида таниқли санъат, маданият арбоблари ва эстрада юлдузлари Францияга жўнаб кетмоқда.

Бу ҳақда “Uzmetronom.com” ахборот сайти маълумот тарқатди.

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, бу делегацияга сафар давомида Г.Каримованинг ўзи етакчилик қилади. Аммо бир неча йил муқаддам АҚШ фуқароси бўлган турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий билан ажрашганидан сўнг Г.Каримова икки фарзандини АҚШ қонунларига зид равишда мамлакатдан олиб чиқиб кетган ва халқаро қидирувга берилган эди.

Бу вазиятда Г.Каримова учун Европа сафари анча хавотирли бўлиши керак эди. Шунга қарамай, Тошкентдан олинган хабарларга кўра, у Парижга учиб кетган.

“Албатта, фикримча у Парижга боради. Бу тадбир Г.Каримова бошчилигидаги жамғарма учун муҳим сиёсий аҳамиятга эга. Биздаги маълумотларга кўра, у айни вақтда Парижга учиб кетган”, - дейди ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков.

Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларининг бу ҳақда хабар қилишича, Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси мамлакатда кўзга кўринган ва кўрина бошлаган ёш эстрада юлдузлари, санъат арбобларини ўзига жалб қилган. Уларнинг энг етакчилари иштирокидаги гуруҳ 21 март куни Парижнинг дунёга машҳур “Лувр” саройи кўргазмалар залида миллий санъат унсурларини намойиш қилувчи мусиқа, рақс ва модалар шоу дастурини тақдим этади. Шунингдек, 22 март куни Франция Сенатининг “Люксембург” саройида “Ўзбек фотографиясининг 125 йиллиги” номли фотокўргазма ҳам ташкил қилинади.

Асли ўзбекистонлик ва ҳозир Франциядаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилот раҳбари Надежда Отаева бу кўргазма бир неча йил муқаддам Белгияда намойиш қилингани ва у Андижон воқеаларига қадар бўлган даврни акс эттирганини айтди.

“Бу гуруҳ таркибида ижодкорлардан кимлар иштирок этади ва уларнинг бугунги Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари аслида қанақа? Мен ва умуман Европада туриб бу сафарни кузатаётган бошқа таҳлилчилар учун бу жуда қизиқ. Лекин, шубҳа йўқки, Ўзбекистон маданият ва санъатининг элитасини ўзига жалб қилган бу гуруҳ Каримов режимининг Ғарбдаги обрўйини ошириш билан шуғулланмоқда”, - дейди Н.Отаева.

Францияда туриб Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларни кузатаётган аксар таҳлилчилар фикрича, “Лувр” саройида томоша уюштирувчи бу гуруҳ сафида Г.Каримова бўлмайди. АҚШ сўровига биноан Интерпол қидирувига берилган Г.Каримовага виза бериш ва уни мамлакатда қўйиш Франция ҳукумати учун анча можароли масала бўлиши тайин.

“Агар келадиган бўлса, у ҳолда Франция ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот органлари учун анча жиддий масалалар юзага келади. Энг муҳими, Г.Каримованинг вазияти ва унинг мамлакатга ташрифи эҳтимолидан жамоатчилик яхши хабардор. Франциялик журналистлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари вазиятни синчковлик билан кузатмоқда”, - дейди Н.Отаева.

Аслида Ўзбекистон президентининг Интерпол қидирувида экани айтиладиган тўнғич қизи Г.Каримова бироз вақт муқаддам Токиога келгани ҳам норасмий манбалар томонидан маълум қилинган эди.

Хабарларга кўра, Г.Каримова Токио расмийлари билан учрашиб, ёпиқ эшиклар ортида музокаралар олиб борган ва гўёки шундан сўнг Япониянинг собиқ бош вазири Жюничиро Коидзуми Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди.

Шундай экан, Японияга бемуаммо сафар қилган Г.Каримова учун балки энди Ғарб давлатлари эшиклари ҳам очилмоқдами, деган савол туғилади.
XS
SM
MD
LG