Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:55

Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар тинмаяпти


Андижонда жойлашган 64/Т-1 ёпиқ турдаги қамоқхонадан диний айблар билан қамалган бир гуруҳ маҳбуслар Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига шикоят мактуби йўллади.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовнинг “Озодлик”ка айтишича, хатда диний эътиқоди учун қамалга маҳбусларга нисбатан жуда катта тазйиқ ва қийноқлар бўлаётгани ёзилган.

“Биз бу шикоятлар юзасидан қандайдир ёрдамлар беряпмиз. Лекин умуман олганда қамалган диндорлар ва намозхон маҳбусларга нисбатан тазйиқлар кўп бўляпти”, - дейди С.Икромов.

Андижондаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 27 ёшли Обиджон Ёқубовнинг турмуш ўртоғи Мабрура Рашидова ҳам С.Икромовнинг ташкилотига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

О.Ёқубов 2001 йил 8 июнда Тошкент шаҳри Собир Раҳимов тумани жиноят ишлари суди томонидан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Унга диний айблардан ташқари, конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби ҳам қўйилган. У дастлаб Қарши шаҳрида, кейинчалик Навоий вилоятидаги Қизилтепа қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган.

Маълум бўлишича, О.Ёқубов қамоқхонада маҳбусларнинг ҳуқуқлари учун курашган. Шикоят билан қамоқхона раҳбариятига мурожаат қилган ва маҳбусларнинг намоз ўқиш ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққан. Бу ҳаракатлари учун у Андижон қамоқхонасига ўтказилган.

“Қамоқхонага бориб эримни кўриб келдим. У жуда қийин аҳволда. Қамоқхонага тушганидан буён эрим билан боғлиқ фақат ёмон хабарларни эшитяпмиз. Унинг жазо муддатини узайтиришяпти. Қамоқхоналарнинг энг ёмонига ўтказишяпти. Ўтирмагани фақат Жаслиқ қамоқхонаси қолди”, - дейди О.Ёқубовнинг хотини М.Рашидова “Озодлик” билан суҳбатда.

Унинг айтишича, яқинда Андижон қамоқхонасига эри билан учрашишга борганида қамоқхона бошлиғи унга намоз ўқишни тарғиб этиш айби билан О.Ёқубовнинг жазо муддатини чўзиши мумкинлигини айтиб таҳдид қилган.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида нафақат диний эътиқоди, балки бошқа сабаблар билан қамалган маҳбусларга нисбатан ҳам қийноқ ва зўровонликлар давом этаётир.

Масалан, Тошкент қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева доимий равишда жазо изоляторига ташланаётганини айтади унинг кенжа укаси Расул Тожибоев.

“Опам ҳозир ҳам жазо изоляторида ўтирибди. Аҳволи ниҳоятда оғир. Касал бўлса ҳам жазо изоляторида ушлаб туришибди. Уни ҳатто оч қўйишяпти. Қон босими тушиб кетган. Охирги олган маълумотимга қараганда, қамоқхона ходимлари опамни калтаклашяпти экан. Аввалги сафарлар опамни фақат изоляторга ташлашаётган бўлишса, ҳозир изоляторга ташлаш билан бирга унга нисбатан куч ҳам ишлатишяпти”, - дейди Р.Тожибоев.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Абдураҳмон Ташанов ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан турли хил қийноқлар қўлланилаётганини таъкидлади.

“Қамоқхоналарда маҳбуслар турли хил қийноққа солинаётгани ҳақида турли маълумотлар бор. Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги 64/21- қамоқхонада “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилояти Ангрен шаҳри бўлими раҳбари Абдурасул Худойназаров қамоқхона маъмурлари томонидан хўрланяпти, ҳақорат қилиняпти. Милицонерлар томонидан калтакланяпти. Худди шундай кўринишдаги ҳолатлар жуда кўплаб учрайди. Маҳбусларга нисбатан қийноқнинг ҳар қандай, масалан, уларга жисмоний ва руҳий азоб бериш сингари усуллари қўлланилаётгани ҳақида фактлар бор”, - дейди А.Ташанов.
XS
SM
MD
LG