Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

Европанинг Ўзбекистондаги вазиятдан хавотири ҳамон сақланиб қолмоқда


Остонада Европа Иттифоқи делегацияси ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокаралар бошланиши олдидан Еврокомиссия ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер “Озодлик”ка интервью берди.

“Озодлик”: Ферреро-Валднер хоним, даставвал Марказий Осиё сафари кун тартиби ҳақида гапириб берсангиз?

Б.Ферреро-Валднер: Қозоғистон пойтахти Остонага беш мамлакат - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашгани кетаётганимиздан хабарингиз бор. Бу ЕИнинг “учлик” форматида, яъни ЕИ раёсати, кенгаши ва котибияти вакилларининг Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг барчаси билан биринчи марта учрашиши бўлади. Учрашув кун тартибига келсак, менимча, муҳокамаларда ЕИнинг МО билан муносабатларига оид янги стратегияси, жумладан, сиёсий мулоқот, иқтисодиёт ва савдо, таълим, демократия ва инсон ҳуқуқлари, энергия ва экология масалаларига асосий ўрин берилади.

“Озодлик”: Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан сўзлашувларда нималар муҳокама қилинади? Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан кучда қолаётган санкциялар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти каби масалалар кўтариладими?

Б.Ферреро-Валднер: Ўзбекистон минтақадаги муҳим мамлакатлардан биридир. Шу боис, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам алоқалар бўлишини истаймиз. Ташқи ишлар вазири билан шериклик ва ҳамкорлик келишувимизнинг амалга оширилиши, энергия, савдо алоқалари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қиламиз. Инсон ҳуқуқлари ЕИ ташқи сиёсатида муҳим ўринни эгаллайди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида эса хавотирларимиз сақланиб қолмоқда.

“Озодлик”: ЕИ ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқлари муҳим ўринга эга эканини айтдингиз. Сиз Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан учрашишга тайёрланаётган бир пайтда кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари Ўзбекистон қамоқхоналарида қолмоқда. Бу масалани ҳам В.Норов жаноблари билан муҳокама қилиш ниятингиз борми?

Б.Ферреро-Валднер: Инсон ҳуқуқлари вазиятига оид махсус сўзлашувлар режалаштирилмоқда. Бу мулоқот апрель ойида ўтказилишига умид қиляпмиз. Бу сўзлашувни биз ташкил қиламиз. Андижон воқеалари хусусида ЕИ ва Ўзбекистон экспертларининг учрашуви бўлиб ўтганини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Европа экспертлари декабрь ойида Ўзбекистонда бўлиб қайтди, экспертлар апрель ойида бу муҳокамаларни давом эттириш ва айтиб ўтганим инсон ҳуқуқлари борасида сўзлашувларда қатнашиш учун яна Ўзбекистонга боради.

“Озодлик”: ЕИ Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бироқ кўпчилик бу санкциялар самарасиз бўлганини гапириб келади. Хусусан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норовнинг ўзи ноябрь ойида Брюсселдаги учрашувда ЕИ санкциялари Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсир қилмаганини таъкидлаган эди. Бугунги кунда кучда қолаётган санкцияларнинг самаралилиги ҳақида нима дея оласиз?

Б.Ферреро-Валднер: Менимча, ҳар қандай санкция муайян сиёсатни маъқулламаслигингизни кўрсатади. Биз ўз қароримиз билан Ўзбекистон ҳукуматига санкциялар жорий қилиниши шартлиги ҳақида аниқ муждани юбордик. Чунки биз Ўзбекистон ҳукуматининг Андижондаги бўҳронни ҳал этиш усулларидан норози бўлдик. Лекин яна бир марта қайтараман, бугунги кунда Андижон воқеалари хусусида экспертлар муҳокамалари ўтказилаётганини олқишлаймиз. Аммо айни пайтда бу муҳокамалар халқаро текширув ўрнини боса олмаслиги ва бундай мақсадни олдига қўймаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Биласиз, ЕИ кенгаши Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган жазо чораларини май ойида қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Лекин майда қандай қарор қабул қилинишини аввалдан айтиб бўлмаслигини таъкидлашим лозим. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасида аниқ ва ижобий қадамлар ташлашига умид қилмоқдамиз.

“Озодлик”: Андижон воқеаларига яқинда икки йил тўлади, санкциялар жорий қилинганига бир ярим йилдан ошди, лекин бу вақт ичида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланиш ўрнига кескинлашди. Сиз юқорида инсон ҳуқуқларига оид мулоқот ҳақида бир неча марта гапирдингиз, бу мулоқот бирор натижа беришига қанчалик ишониш мумкин?

Б.Ферреро-Валднер: Ҳамма нарса вақтни талаб этади. Бу оддий ҳақиқатдир. Менимча, Қозоғистондаги учрашувга Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўзи келаётгани жуда яхши ишорадир. Шунинг учун Ўзбекистон ҳам ЕИ билан алоқаларни тиклашга янгича қизиқиш билдираётгани ҳақида гапиришга асос бор. Бошқа томондан, бизнинг янги стратегиямиз, Ўзбекистон томони муайян ижобий қадамларни қўйса, алоқаларнинг тикланишига яхши имкониятларни очиб беради.

“Озодлик”: В.Норовнинг келаётгани яхши ишора эканини айтяпсиз, лекин ташқи ишлар вазири Остонадаги учрашувлар чоғида икки томонлама муносабатларга оид муҳим масалаларда қарор бера олармикин?

Б.Ферреро-Валднер: У, албатта, Ўзбекистон президентидан бизга аталган муждани олиб келади. Президент ЕИ нимани истаётганидан жуда яхши хабардор. Айтиб ўтганимдек, биз халқ учун керак бўлган ечимларни топишга ҳаракат қиляпмиз. Бизнинг асосий мақсадимиз ана шунда иборатдир.

“Озодлик”: Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан янги стратегия ҳақида гапиряпсиз, бу стратегия нимадан иборат ўзи? Унинг якуний бир кўриниши борми?

Б.Ферреро-Валднер: Йўқ, бу стратегия ҳозирча якуний кўринишга эга эмас, Германия раислиги билан бу стратегия устида ҳали ҳам ишляпмиз. Лекин бу стратегия бутун минтақа билан муносабатларни қуришга асосланганини айтишим мумкин. Чунки бутун минтақада барқарорлик бўлиши муҳим, деб ҳисоблаймиз. Албатта, давлатларнинг ҳар бирига нисбатан алоҳида сиёсат юргизиш ҳам стратегиянинг бир қисмидир. Бу сиёсат ҳар бир давлатнинг ЕИга нисбатан бўлган муносабати кўлами ва воситаларига асосланади.
XS
SM
MD
LG