Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:21

“Чегара билмас мухбирлар” ЕИга мурожаат йўллади


“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Европа Иттифоқини Ўзбекистонга жорий этилган санкцияларни бу давлатда мустақил журналистларга нисбатан таъқиб ва зўравонликлар тўхтатилмагунча бекор қилмасликка чақирмоқда.

Ташкилотнинг бу ҳақдаги мурожаати 28 март куни Остонада Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашган ЕИ делегациясига йўлланган.

Ташкилот бу учрашув арафасида Ўзбекистонда яна бир журналист – “Немис тўлқини” радиоси ҳамкори Наталья Бушуева устидан жиноят иши очилгани ва журналистнинг ўзи шу кунга қадар бедарак қолаётганидан хавотир билдирган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг МО давлатлари бўйича масъули Элза Видал “Озодлик” билан суҳбатда бу мурожаатдан бош мақсад Ўзбекистонда мустақил журналистлар ва сўз эркинлиги учун курашаётган шахсларга нисбатан босим тобора кучайиб бораётган бугунги хавотирли вазиятда бунинг олдини олиш чораларини кўриш ва шундай чоралардан бири сифатида ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкцияларни бекор қилмаслик кераклигини яна бир бор таъкидлаш эканини айтади.

“Ташкилотимиз ЕИга йўллаган мурожаатида Каримов режимига қарши санкцияларни бекор қилмасликка ва уларнинг муддатини то мамлакатда ўзгача фикрловчилар ва мустақил журналистларга нисбатан таъқиблар тинмагунга қадар узайтиришга чақирди”, - деди Э.Видал.

Н.Бушуева устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги маълумот Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовни Остона учрашувида ҳам таъқиб қилди. Аммо бундай хабарлар соясида юришга кўникиб қолган вазир учрашувдан сўнг Ўзбекистон “кимнингдир олдида ўзини оқламоқчи эмаслиги, инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотга тайёрлиги ва бунда бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик принципиал масала” экани ҳақида баёнот берди.

Ўзбекистон томони шундай деб турган, ЕИ ва Ғарб давлатлари бундай позициядаги Ўзбекистон билан мулоқот йўлини топишга уриниб турган бугунги вазиятни қандай баҳолайсиз, деган саволга жавоб берар экан Э.Видал: “Фикримча, бу ўта хавфли йўл. Ўзбекистон ҳукумати билан иш кўриш, айни вақтда унга босим ўтказа туриб, ўзбек халқига ёрдам беришнинг уддасидан чиқиш ўта қийин. Шунинг учун биз ЕИнинг Ўзбекистон билан алоқаларни тиклаш истагини тушунамиз. Аммо, бошқа томондан, бу янгича ёндашув жаноб Каримов билан муносабатда ЕИни ожизлаштиради. Биз Каримовнинг “Ўзбекистон ўз йўлидан кетаверади”, деган гапини қабул қилсак, бу Европани Ўзбекистон вазиятига таъсир кўрсатиш имконидан мутлақ маҳрум қилади ва Ўзбекистон халқига бундан наф йўқ”, - деди.

Шундай бир вазиятда ташкилот ЕИга йўллаган мурожаатига қандай жавоб кутмоқда?

“Биз бу мурожаатимиз ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни енгиллатишига қарши турган, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларидан хавотирда бўлган нуфузли вакиллари орасида қизиқиш уйғотади, деб умид қиламиз”, - деди Элза Видал.
XS
SM
MD
LG