Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

ЕИ нега Ўзбекистонга иқтисодий босим ўтказмайди?


Буюк Британияда нашр этиладиган “Гардиан” газетасида чоп этилган “Фожеавий муроса”сарлавҳали мақолада Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг бугунги муносабатлари ҳақида сўз боради.

Мақола муаллифи, “Гардиан”нинг кўп йиллик ҳамкори, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Лондон бўлими раҳбари Том Портеус ЕИнинг Марказий Осиё давлатларида инсон ҳуқуқлари вазияти масаласидаги журъатсизлиги охир-оқибатда унинг минтақадаги манфаатларига ҳам путур етказади, деб ёзади.

У мақолада асосий эътиборни Ўзбекистон ва ҳибсда қолаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниёзова масаласига қаратган.

Унинг фикрича, ЕИ ҲРУнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таржимони, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси У.Ниёзованинг сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олинганини қораламагани Брюссел ўз иқтисодий ва сиёсий манфаатларини Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва демократия устиворлигидан устун қўяётганига яна бир далилдир.

“Озодлик” билан суҳбатда Том Портеус буни жуда хавфли вазият, деб баҳолади.

“Бу жуда хавфли вазият. Чунки Ғарб дунёнинг бошқа бурчагида – Яқин Шарқ минтақасида қийноқлар ва сиёсий қатағонларга кўз юмиш узоқ давом этувчи ўта оғир оқибатларга олиб келишини кўрди. Энг муҳими, нодемократик ва инсон ҳуқуқларига зид сиёсатни қўллаш охир-оқибатда қўлловчи томоннинг узоқ муддатли манфаатларига ҳам акс таъсир кўрсатади, яъни зарар етказади”, - дейди Том Портеус.

У ЕИ ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида тўхталар экан, “фожеавий муроса” қурбони сифатида У.Ниёзова номини тилга олди.

“Албатта, ҲРУ ҳамкори сифатида биз У.Ниёзова номини алоҳида таъкидлаймиз. Аммо у Ўзбекистонда сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олинган ва қамалган ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳур фикрли инсонлардан бири. Бироз муқаддам ЕИнинг инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида Марказий Осиёга нисбатан юритаётган сиёсати нисбатан яхши эди”, - дейди Том Портеус ва бу фикрига далил сифатида 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан санкция қўллаганини тилга олди.

Аммо, унинг фикрича, ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабатда “реалист” бўлишга ундаётган айрим аъзолари санкцияларни юмшатиш таклифини илгари сураётгани ва бунга сабаб қилиб санкцияларнинг иш бермаганини келтираётгани ўринсиздир.

“Агар санкциялар иш бермаётган бўлса, уларни юмшатиш ёки улардан воз кечиш эмас, балки уларни янада таъсирлироқ ҳолга келтириш йўлларини қидириш керак. Ана шундай йўллардан бири эса инсон ҳуқуқлари ва демократияга зид иш тутаётган режим расмийлари манфаатларини бевосита нишонга олишдир. Айни вақтда ЕИнинг Марказий Осиё давлатларидаги сиёсий режимни ўз феъл-атворини ўзгартиришга мажбур эта олувчи дипломатик, иқтисодий механизмлари бор. Жумладан, савдо-иқтисодий муносабатлар орқали босим кўрсатиш”, - деди Том Портеус.

У бундай босим ҳам Каримов режимини ўз хулқини ўзгартиришга мажбур эта олиши мумкин, деб ишонади.

“Мутлақо ойдинки, Ўзбекистон ҳам Ғарб давлатлари билан мулоқотдан манфаатдор ва бу манфаатлардан воз кечиш истагида эмас. Масалан, ЕИ Жанубий Кавказда юзага келган айни вазиятда дипломатик ва иқтисодий босим йўллаган ва бу натижа берган эди. Шундай экан, нега энди айнан бир хил вазиятда ЕИ Марказий Осиё давлатларига нисбатан ҳам шундай чора қўлламайди”, - дея савол ташлайди Том Портеус “Гардиан”да чоп этилган мақоласида.
XS
SM
MD
LG