Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Гулбаҳор Тўраева 6 йилга қамалди


Андижон вилояти жиноят ишлари суди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраевани 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд уни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат тартибига таҳдид солувчи адабиётлар тарқатиш ва туҳматчиликда айбдор топди.

“Суд очиқ шаклда ўтди. Мен унда қатнашдим. Агар сизга бирор маълумот керак бўлса, нега судга келмадингиз, у ерда ҳеч ким бўлмади. Бечора аёлни қамаб қўйишди, 8 ойлик гўдаги қолиб кетди”, - дея изтироб билан сўзлади Г.Тўраеванинг қайнонаси ва “Озодлик” мухбирининг бошқа саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Аммо маълум бўлишича, суд мажлиси шошилинч равишда, Г.Тўраеванинг яқинларига хабар қилмаган ҳолда ўтказиб юборган. Суд биноси ёнидан қимирламай ўтирган аёл – Г.Тўраеванинг қайнонасигина судда қатнашишга улгуриб қолган, холос.

“Озодлик” мухбири Андижон вилояти судидан ҳам батафсил маълумот олишга муваффақ бўлмади. Суд ходимларидан бири: “Китоб билан қўлга тушган аёлни сўраяпсизми? Ҳа, бугун унинг устидан ҳукм ўқилди. У олти йилга ҳукм қилинди. Ҳукм бугун (24 апрель куни) соат кундузги 3 да ўқилди. Қамалди у аёл”, - дейиш билан чекланди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси устидан 18 апрелдан буён давом этган суд жараёнини кузатган яқинлари эса Г.Тўраева ҳибсхонада қаттиқ қийноққа солингани ва қийноқлар остида айбига иқрорлик кўрсатмалари олинган бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Жумладан, Г.Тўраеванинг турмуш ўртоғи Фарид Янгилдин суд залига келтирилганда хотини жуда тушкун ва оғир руҳий ҳолатда бўлгани, ён-атрофидаги формалилардан қаттиқ қўрқувда экани кўриниб тургани ва шу ҳолатда қилмишидан пушаймонлик сўзларини айтганини таъкидлади.

Г.Тўраева 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг отиб ўлдирилганлар сони ҳақида оммавий ахборот воситаларига илк бор маълумот берган ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир.

2007 йил 14 январда у Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида тўхтатилган ва ёнидан шоир Рауф Парфи, шоир ва сиëсатчи Муҳаммад Солиҳнинг китоблари чиққани учун ҳибсга олинган эди. Г.Тўраева вазиятини кузатиб келаётган аксар халқаро ташкилотлар унинг ҳибсга олиниши бу билан эмас, балки айнан Андижон воқеаларида ўлдирилганлар ҳақида дунёга маълумот чиқаргани билан боғлиқ, деб ҳисобламоқда.
XS
SM
MD
LG