Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

Акмал Саидов ёлғончи...ми?


23 апрель куни Тошкентда “Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, мамлакатда фаолият юритувчи нодавлат ва халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Фарғона.ру” сайтининг ёзишича, анжуманда Ўзбекистон Инсон хуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари борасида давлат идоралари билан қилинаëтган ҳамкорликка тўхталган. Шунингдек¸ қонунчиликни янада мукаммаллаштириш бўйича тавсиялар, ҳамкорликни кучайтириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ташвиқот-тарғибот ишларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Анжуман ташкилотчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни изчиллик билан адо этиб келмоқда.

“Озодлик” мухбири Инсон ҳуқуқлари миллий марказидан бўлиб ўтган анжуман ҳақида маълумот сўраганда, марказ ходими Худойберди Эҳсонов жавоби сал бошқачароқ бўлди.

“Агар идорамизга келсангиз, катта кутубхонамиз бор. Кўп нарсани ўрганасиз. Хориждан туриб бизга тош отадиганларга жуда кўп жавоб топасиз. Бир келсангиз, зарар қилмас эдингиз. Бизда журналлар ҳам чиқади. Хуллас, бизнинг ишимиз ҳақида ўрганаман, десангиз бир йил вақтингиз кетади. 1996 йиллардан бери анча ишлар олиб боряпмиз”, - деди Х.Эҳсонов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиëр Ҳамроев Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбарининг мамлакатдаги вазият ҳақида тўлиб-тошиб айтадиган гаплари қип-қизил ёлғонлигини таъкидлади.

“Акмал Саидовни, улар қилаётган ишларни ҳам биз жуда яхши биламиз. Ўзбекистонда олиб борилаëтган сиëсат ëлғонга асосланган сиëсатдир. Айни сиëсатни эса расмийлар А.Саидовга ўхшаганлар орқали кенг ëймоқда. Ўзбекистонда ҳар қадамда инсон ҳуқуқлари бузилмоқда-ку! 16 ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналист қамоқда ëтибди. А.Саидов булар ҳақида гапирдими?” - деди Б.Ҳамроев

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон Марказий Осиё ва умуман дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи энг аянчли бўлган мамлакатлардан бири эканини айтиб келади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича олий комиссари Луиз Арбур Марказий Осиёга сафари давомида Ўзбекистонни четлаб ўтиши ҳам шу билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бишкекда “Озодлик”ка интервью берган Арбур хоним Тошкентга сафар қилмаганини изоҳлаб: “Одатда минтақавий сафар уюштирганимизда кўплаб муаммоларга дуч келамиз. Чунки биласиз, ҳар бир република ҳукуматининг имкони, вақтини инобатга олиш керак. Афсус, Марказий Осиё сафарини бошлаëтганимизни Ўзбекистон ҳукуматига билдирганимизда расмийлар биз белгиланган вақт уларга тўғри келмаслигини айтди. Шу сабабли биз Ўзбекистонга бормадик”, - деди.
XS
SM
MD
LG