Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Апелляция суди адолатига умид қилса бўладими?


Тошкент шаҳри Сирғали тумани суди ҳуки билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзова иши апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши кутиляпти.

У.Ниёзованинг опаси Шафоат Зокированинг айтишича, контрабанда, чегарани ноқоний кесиб ўтиш, давлат ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланган журналистнинг апелляция суди 8 май куни бўлиб ўтади.

Суҳбатдошимиз, шунингдек, жума куни синглиси билан учрашишга муваффақ бўлганини ҳам билдирди.

“Пайшанба куни борган эдим, олдига қўйишмади. Адвокати билан учрашганимдан кейин у менга судъядан рухсатнома олиб берди. Бир соатча гаплашдим. Аҳволи яхши. Ўзига қўйилган иккита моддани бўйнига олмаслигини айтди. Фақатгина чегарани ноқонуний кесиб ўтганини тан олди”, - деди Ш.Зокирова.

“Умидага нисбатан адолатли ҳукм чиқишидан умидим бор. Кунора элчихона ходимлари, ҳуқуқ фаоллари ва бошқалар биздан ҳол-аҳвол сўрамоқда. Шартли муддат бериб бўлса ҳам озодликка чиқариш керак. Чунки унинг панжара ортида қолишига ҳеч қандай асос ҳам йўқ”, - дея қўшимча қилди Шафоат Зокирова.

У.Ниёзова тақдири Ўзбекистонга нисбатан жазо санкцияларини қайта кўриб чиқишга тайёрланаётган Европа Иттифоқи назаридан ҳам четда қолмаётир. Яқинда ЕИ Ўзбекистон ҳукуматидан дарҳол бу ишни қайта кўриб чиқишни, халқаро инсон ҳуқуқлари тамойиллари бўйича ўз зиммаcига олган масъулиятларга асосланиб, тегишли ва адолатли суд принципларини ҳурмат қилишни сўраган, Умиданинг ўз қариндошлари ва адвокатлари билан бемалол учраша олишига имкон беришга чақирган эди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел тузилма Ўзбекистон ҳукумати олдига У.Ниëзова ва у каби бошқа ҳуқуқ фаолларини озодликка чиқариш масаласини кўндаланг қўйганини айтади.

“Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси орқали биз расмий Тошкент билан У.Ниëзова ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият борасида бир неча бор боғландик. Бу борада ҳатто очиқ баëнотлар ҳам бердик. Ҳозир ҳукумат билан музокаралар ўтказяпмиз, аммо унинг натижалари ҳақида гапиришга ҳали эрта”, - дейди Пьер Морел.

Инсон ҳуқуқлари масаласига бағишлаб Германияда ўтаётган анжуманда қатнашаëтган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов У.Ниёзова масаласи кун тартибидан тушмаётганини таъкидлади.

“Ҳозир ЕИга раислик қилаëтган Германиянинг позицияси бўйича Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан гаплашдик. Улар Ўзбекистон ҳукуматига Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниëзовани озод қилиш масаласини кўндаланг қўйганини айтди. Ҳали олдинда бир нечта учрашувимиз бор ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият борасида муҳокамалар ўтказилади”, - деди С.Икромов.

ЕИ Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар масаласини кўриб чиқишга ҳозирланар экан, кузатувчилар У.Ниёзованинг тақдири Ўзбекистон ҳукумати ва ЕИ ўртасида “савдо обьекти”га айланганини тахмин қилмоқда. Бу “савдо” натижаси ўлароқ, расмий Тошкент журналистни енгил жазолаш ёки уни амнистия қилиш эвазига халқаро ҳамжамиятнинг ўзига нисбатан фикри юмшашини талаб қилиши мумкин.

Айрим таҳлилчилар фикрича эса У.Ниёзова тақдири борасидаги жараён Ўзбекистон ҳукуматининг аввалдан ўйланган сценарийси бўйича кетмоқда. Яъни Ўзбекистон халқаро жамоатчиликнинг бутун эътиборини У.Ниёзова тақдирига қаратиб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича умумий вазиятни айнан шу жараён соясида қолдиришга уриняпти. Тошкент кейинроқ У.Ниёзовани гўёки ЕИнинг талаби билан озод қилгандай бўлади, аммо мамлакатдаги умумий абгор вазият ўзгармаса ҳам санкциялар бекор қилинишига эришади. Халқаро ҳамжамият фақат бир киши тақдири билан ўралашиб қолган бир пайтда мамлакатдаги умумий вазиятни эсдан чиқармоқда. Мамлакат қамоқхоналарида эса ўзгача фикрловчи ўнлаб кишилар тақдири ўзгаришсиз қолмоқда.

Гулбаҳор Тўраева, Санжар Умаров, Мўътабар Тожибоева ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG