Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:57

ЕИ Умида Ниёзованинг қамоқдан озод этилишини олқишлади


Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел Умида Ниёзованинг озод этилишини олқишлади ва ҳукуматнинг бу қадами санкциялар масаласига ҳам таъсир этиши мумкинлигини билдирди.

“Ҳеч ошириб юбормасдан айтмоқчиманки, бу Ўзбекистон билан ўрнатмоқчи бўлаётган муносабатларимизга бир мисолдир. Айтмоқчи бўлганим, бу яхши хабардир. Бу қадамга ҳали яна баҳо берамиз. Мулоқотлар эса давом этяпти”,- деди Пьер Морел.

Аммо У.Ниёзова иши бўйича жуда кўп мунозарали масалалар ҳам бор. ЕИнинг олқишлари ҳам Ўзбекистон ҳукумати эшитишни истаётган гаплардир. Аммо танқидларнинг асл моҳияти журналистнинг қамалиши эмасмиди?

“Албатта, муаммонинг асл моҳияти йўқолиб кетгани йўқ,- дейди Пьер Морел. - Лекин биз танқидий мулоқотларни давом эттиряпмиз. Биз кўпроқ олға силжишларни кутиб қоламиз. Биз тузилмавий мулоқотни хоҳлаймиз, бир марталик амални эмас”.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар масаласида ҳам ишларини давом эттиради. Алоҳида ҳолатларни ўрганиш ЕИ умумий мулоқотининг бир қисми бўлиб қолаверади.

Пьер Морел У.Ниёзованинг озод этилиши ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкцияларини муҳокама қилиш фонида яхши хабар эканини таъкидлади.

“Мутахассисларимиз ҳамон Тошкентда қолмоқда. Андижон воқеалари ҳам муҳокама этиляпти. У.Ниёзованинг озод этилгани санкциялар муҳокамасига яхши бир хабар ўлароқ таъсир этади. Лекин инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ умумий вазиятга ҳамон якуний баҳо берилгани йўқ”, - деди Пьер Морел.
XS
SM
MD
LG