Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:18

Кўрганни эшитган енгади...ми?


Ўзбекистонлик ҳукуматпараст экспертлар Андижон воқеаларининг икки йиллиги арафасида “бу фожеа ҳақида тарқатилган маълумотлар уйдирма” экани ҳақидаги баёнотлар билан чиқмоқда.

Қизиғи шундаки, қарийб икки йилдан бери эшитилмаган бу тахлит қатъий баёнот Ўзбекистон президентининг 9 май — Хотира ва қадрлаш куни Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувда Андижон воқеалари ҳақида сўзлаганидан сўнг янграй бошлади.

Айнан ўша ерда Ўзбекистон раҳбари Андижон воқеалари ҳақидаги маълумотларни “уйдирма”, деб таъкидлади ва ўз сўзига далил тарзида бу уйдирмалар “дунёнинг нариги бурчидаги катта-катта давлат”ларнинг стратегик манфаати йўлида тарқатилгани мана орадан икки йил ўтиб ойдин бўлди, деб хулоса қилди.

И.Каримовнинг бу баёноти шу вақтгача Андижон воқеалари ҳақида сукут сақлаб турган ҳукуматпараст сиёсатчилару тадқиқотчиларга ишора бўлди чоғи, орадан икки-уч кун ўтиб, “Андижон мавзуидаги чиқишлар мутлақ уйдирмага асосланилган”и хулосаланган чиқишлар янграй бошлади.

Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодалайдиган “Пресс-ўз.инфо” сайтида мақоласи чоп этилган ўзбекистонлик эксперт “Андижон фитнасининг илдизи мамлакат ичида эмас, балки ташқарисида экани бир неча бор айтилган эди ва буни айтган фақатгина Ўзбекистон томони эмас”, деб ҳисобламоқда.

Андижон воқеалари ҳақидаги ахборотлар уйдирма эканини таъкидлаётган Ўзбекистон ҳукумати, мана икки йилдирки, воқеа юзасидан халқаро текширувга рухсат бермай келмоқда. Айни вақтда бу воқеага гувоҳ бўлган ва уни ўрганишга ҳаракат қилган инсонлар, ҳуқуқ фаоллари қаттиқ босим, тазйиқ ва қувғинга дучор қилинди. Кўпчилиги эса қамоққа ташланди.

Шундай оғир шароитда қонли воқеа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилган ва хусусан, Бобур майдонидаги талатўпга гувоҳ бўлган ўзбек қочқинлари кўрсатмалари эса Ўзбекистон ҳукумати муттасил тарқатаётган баёнотларнинг мутлақо аксини беради.

Андижон воқеалари кунлари Бобур майдонининг шундоққина ёнгинасида истиқомат қилган, ҳозир муҳожиротда яшаётган андижонлик қочқин ўша воқеаларни бундай эслайди:

“Ўша куни Каримов келади, дейишганига уни кўришга иштиёқманд бўлиб уйдан чиққан эдим. Кейин қирғинбарот бошланди. Аслида 9 май куни Каримов гапирган гаплар уйдирма. Мен ўз кўзларим билан кўрган ўликлар сони 328 та эди. 50 дан одамни битта чуқурга кўмиб ташладик, деб йиғлаб гапирганларни ҳам кўрганман. Андижон ҳақида айтилаётган гаплар рост”.

Фожеани ўз кўзи билан кўрган, 13 майдан 14 майга ўтар кечаси Андижондан қўшни Қирғизистонга қадар пиёда борган қочқин ўша воқеаларни эслар экан: “Тешиктош яқинида жуда катта қирғин бўлган. Маҳаллалар орасига яширинишга уринган одамларни ҳукумат аскарлари тепаликдан туриб қириб ташлаган. Қанча-қанча ярадорлар қўлимизда жон берди. Хотиним шифокор эди. Ўша воқеалардан бери ўзига кела олмайди. У ерда қирғин бўлгани рост”, - деди.

Ўзбекистон ҳукумати босими остида юртини тарк этган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшод Тиллахўжаев Андижон фожеаларига гувоҳ бўлган ва бу воқеа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилган.

“Минглаб одамлар, улар орасида аёллар ва болаларнинг отилгани рост. 10-20 тадан ўликнинг битта чуқурга кўмилгани рост, бу воқеаларга оид ҳужжатлар қўлимизда турибди. Аслида икки йил давомида Андижон воқеаларига оид ахборотларда бироз бўрттириш ҳам бўлди. Аммо бунга Ислом Каримов ҳукуматининг ўзи айбдор. Чунки у ахборотни бўғишга уринди. Бунинг эса, кўриб турганимиздек, имкони йўқ”, - деди Д.Тиллахўжаев.

Андижон воқеаларидан икки йил ўтиб, бу воқеалар ҳақидаги маълумотларни уйдирма, деётган президент Каримов сўзларига жавобан воқеа гувоҳлари шундай янграмоқда.
XS
SM
MD
LG