Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:19

Каспийбўйи лойиҳаси Ғарбда ташвиш уйғотмоқда


Россия, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари Каспий денгизи соҳили бўйлаб ўтадиган газ қувури қуришга келишиб олгани Европа учун яхшилик аломати эмаслиги айтилмоқда.

Каспийбўйи лойиҳаси асосида туркман газини Қозоғистон ва Россия орқали Европага элтувчи қувур қурилиши 2008 йилда бошланади.

Кузатувчилар наздида бу келишув Россиянинг энергетика соҳасида Марказий Осиё давлатларига таъсири кучайиб бораëтганидан даракдир.

Халқаро энергетика агентлигининг Парижда ўтган анжуманида АҚШ энергетика вазири Самюэл Бодман Каспийбўйи лойиҳаси борасида келишувга эришилгани Европа учун яхшилик аломати эмаслиги, Европанинг битта таъминотчига қарамлигини йўқотиш кераклигини таъкидлади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати вакили Том Кэйси эса Вашингтонда қилган чиқишида:“Мақсадимиз нафақат Европада, балки бутун дунëда ëнилғи ва уни ташиш йўлларини кенгайтиришдир. Бундан ташқари, биз ҳар қандай келишув сиёсий эмас, балки нормал тижорий нуқтаи назардан келиб чиқиб амалга оширилишини истаймиз”, - деди.

Грузия парламенти раиси Нино Буржанадзе ҳам Европани муқобил энергетик захиралар таъминоти устида кўпроқ бош қотиришга ва Россияни четлаб ўтувчи газ ва нефть қувурлари қуриш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Озод Европа/Озодлик” радиосининг Прагадаги қароргоҳида сўзга чиққан Нино Буржанадзе энергиянинг ягона таъминотчисига қарам бўлмаслик ўта муҳим эканини таъкидлади ва Европа давлатлари муқобил йўналишлар сифатида Грузия, Озарбойжон ва Туркиядан кўпроқ фойдаланиши лозимлигини уқтирди.

“Бугун Европа энергетик хавфсизлик ва битта таъминотчига қарамлигини йўқотиш масаласида бош қотириши учун вақти етиб келди. Чунки биз грузияликлар энергетикага муҳтож бўлишнинг қадрини яхши биламиз", - деди Нино Буржанадзе.

Остонада Владимир Путин билан учрашган Нурсултон Назарбоев қозоқ нефтининг аксарият қисми Россия ҳудуди орқали транзит қилинишини айтгани ҳам Ғарб учун кутилмаган зарба бўлди.

Жэйнс тадқиқотлар институти таҳлилчиси Мэтю Клементс Нурсултон Назарбоевни прагматик, деб билади:

“Назарбоев сўнгги пайтларда прагматик ташқи сиëсат юритмоқда. У учун асосийси энергетика соҳасида шартномалар тузиш орқали Қозоғистонга кўпроқ даромад олиб келишдир. Европадан бўладими, Каспийбўйиданми ëки Хитойданми, бунинг унга фарқи йўқ. Яқинда Россия билан имзолаган келишув Назарбоевнинг ўз мамлакати талабини қондириш учун ҳар қандай келишувни имзолашга тайëрлигини кўрсатади”, - деди М.Клементс.
XS
SM
MD
LG