Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:04

Ўзбекистон ЕИ қароридан норози эканини билдирди


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг Тошкент ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларни олти ойга узайтириш тўғрисидаги қарори юзасидан баёнот тарқатди.

“ЕИнинг 2005 йил 12-13 май кунлари Андижонда рўй берган фожеалар ҳақидаги 2005 йил 23 майда қилган дастлабки хулосалари ҳам, ундан кейин 2005 йил 3 октябрда чиқарган хулосалари ҳам жойдаги вазиятни тегишли тарзда ўрганмасдан ва одатда бундай ҳолларда ЕИнинг экспертлари ёки дипломатлари бериши керак бўлган баҳоларсиз чиқарилган эди”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Яъни вазирлик фикрича, ЕИ санкцияларни жорий қилишдан аввал ўз экспертлари ёхуд дипломатларини Андижонга юбориб, вазиятни ўрганиш керак эди.

Бироқ Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар айнан халқаро кузатувчиларга Андижон фожеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш имкони берилмагани сабабидан жорий қилингани борасида баёнотда ҳеч қандай изоҳ йўқ.

Еврокомиссия ташқи алоқалар комиссари Бенита-Ферреро Валднер 2005 йилда санкциялар жорий қилинишидан аввал Ўзбекистон ҳукуматини мустақил текширув ўтказишга розилик беришга чақирган эди.

“Ўзбекистон ҳукумати биз сўраётган халқаро ва тўла мустақил текширувнинг ўтказилишига рухсат бериши жуда муҳим масала бўлиб қолади. Чунки Андижонда нима бўлганини фақат бизгина эмас, Ўзбекистон халқи ҳам билишни истайди”, - деган эди ўшанда комиссар хоним.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида айтилишича, ўтган йилнинг охирида ва жорий йил апрель ойида Тошкентга келган ЕИ экспертлари ишчи гуруҳига Андижон воқеаларига оид тақдим этилган материаллар 2005 йил 13 майда нималар рўй бергани ҳақидаги манзарани тўла очиб берган, яъни Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаётганидек, Андижонда конституциявий тузумни ағдаришни мақсад қилган террорчилар хуружи амалга оширилгани инкор қилиб бўлмайдиган фактлар билан исботлаган. Европа экспертларига сўралган барча материаллар тақдим этилган ва улар Андижонда истаган одамлари билан учрашган.

Шу ўринда ўтган йил декабрда Ўзбекистонга келиб, Андижонга ҳам боришга рухсат этилган Европа делегацияси етакчиси, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Пекке Ойнонен айтган гапларни эсга олиш жоиз.

“Биз Андижонда маҳаллий прокуратура, ички ишлар бошқармаси ходимлари билан учрашдик. Биз воқеа юз берган жойларга ҳам бордик. Афсус, вақтимиз етмагани учун Андижон воқеалари гувоҳлари билан учрашиш имконимиз бўлмади”, - деган эди дипломат “Озодлик” радиосига.

Бундан ташқари, ЕИ расмийлари экспертлар гуруҳининг учрашувлари мустақил халқаро текширувнинг ўрнини босмаслигини ҳам айтиб келади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати ходими вазирлик расмий баёнотида халқаро текширув масаласи нега четлаб ўтилганини изоҳлашдан бош тортди.

ЕИ кенгашининг 14 май кунги хулосаларига кўра, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳамон хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Шунга қарамай, жазо санкцияларининг бири ўлароқ, виза чеклови жорий қилинган Ўзбекистон расмийлари рўйхатидан тўрт кишининг исми олиб ташланди.

Еврокомиссия комиссари Бенита Ферреро-Валднер кенгаш қарорига изоҳ бериб: “Менимча, бир томондан санкцияларни кучда қолдириш ва айни пайтда инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган мулоқотнинг дастлабки натижаларидан мамнун эканимизни намойиш қилишимиз ҳам муҳимдир”, - деди.

ЕИнинг 14 май кунги хулосаларида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг кескинлашаётгани, хусусан, ҳуқуқ ҳимоячилари Умида Ниёзова ва Гулбаҳор Тўраевага чиқарилган ҳукмлардан хавотир билдирилади. Тузилма Ўзбекистон ҳукуматини Г.Тўраевани озод этиш ва шартли қамоқ жазосига тортилган У.Ниёзованинг ҳаракатланишига чекловларни олиб ташлашга чақиради.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати баёнотида на ундан талаб қилинган халқаро текширув, на инсон ҳуқуқлари вазияти, хусусан, олти йилга қамалган Г.Тўраева билан боғлиқ вазият тилга олинади.

“ЕИ кенгашининг 2007 йил 14 май кунги хулосалари нохолисдир ва Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни қўллашни давом эттириш мақсадини кўзлайди”, - дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик таъкидича, бундай қарорлар ЕИ ва Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилувчи ҳамкорлик дастурларининг амалга оширилишига ҳисса қўшмайди.
XS
SM
MD
LG