Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:47

Водийдаги вилоятлар ҳокимлари Ўшда учрашади


Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида жойлашган вилоятлари раҳбарлари июнь ойининг охирида Ўш шаҳрида Қирғизистон вилоятлари расмийлари билан учрашишга келишиб олди.

Ўш вилояти губернатори Жонтўра Сотволдиевнинг айтишича, бу учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги визасиз борди-келди юзасидан вужудга келаётган муаммолар таҳлил этилади ҳамда муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

Унинг билдиришича, ҳозир Ўзбекистон томони Қирғизистон билан имзоланган визасиз борди-келди қилиш тўғрисидаги шартнома талабларини тўла бажармаяпти.

“Муаммолар жуда кўп. Биринчи муаммо паспорт режимидир. Икки давлат президентлари имзолаган визасиз борди-келди қилиш шартномаси талаблари тўла бажарилмаяпти. Ўзбекистон томони Қирғизистон ички паспортларини тан олишни истамаяпти. Бу эса кўплаб қирғиз фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудига ўтишини қийинлаштирмоқда”, - деди Жонтўра Сотволдиев.

Ўш вилояти раҳбарининг бу сўзларини қорасувлик Муниса Акбарова ҳам тасдиқлайди. Унинг ота-онаси Ўзбекистонда яшайди. Ўзи қирғизистонлик йигитга турмушга чиққан. Муниса ўзбек-қирғиз чегарасидан кўпинча пора бериб ўтишини айтади.

“Ота-онам Ўзбекистонда яшайди. Уларнинг олдига бориш учун ўзбек чегарачиларига икки юз сўм пора бераман. Қирғизистон чегарачилари биздан пул олмайди. Ҳужжатларимизни текшириб, ўтказиб юбораверади”, - дейди Муниса Акбарова.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мамлакат жанубидаги ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазиятни ўрганиб чиқди. Мана шу махсус тадқиқот натижалари юзасидан пайдо бўлган масалаларни жой-жойида ҳал этиш учун Қирғизистон ташқи ишлар вазири жанубга келди.

“Вазиятни ўрганиш ва муаммоларни ҳал этиш асосий мақсаддир. Ўзбекистон томони Ўзбекистонга ўтаётган қирғизистонликларнинг ички паспортларига илова берилишини талаб қилмоқда. Мана шу илова масаласини ҳам ҳал этмоқчимиз. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида имзоланган визасиз борди-келди шартномасининг барча бандлари тўлиқ тадбиқ этилишига эришмоқчимиз”, - деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги махсус вакили Эрик Асаналиев.

Губернатор Жонтўра Сотволдиев сўзларига кўра, Ўшдаги учрашувда Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари қатнашади. Уларни бу учрашувга келишга кўндириш жуда қийин бўлган.

“Ниҳоят қўшни давлат ҳокимлари учрашувга розилик берди. Айни пайтда учрашув кун тартибини ишлаб чиқмоқдамиз. Шу ой якунида Ўшда учрашамиз. Чегарада тартиб-интизом ўрнатиш, чегарадаги порахўрлик ва турли тўсқинликларни бартараф этиш асосий масала сифатида муҳокама этилади”, - деди губернатор.

Ўшлик ўзбек зиёлилари ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон вилоятлари ҳокимлари учрашувидан умидвор. Ўшдаги Бобур номидаги Ўзбек академик драма театри режиссёри Набижон Мамажонов бу учрашувда маданий алоқаларни тиклаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилса, яхши бўлишини айтади.

“Ўзбекистон адабиёти, маданияти ва маорифининг Ўшдаги ўзбеклар учун ҳам беқиёс аҳамияти бор. Шунинг учун бу учрашувда мана шу соҳаларда юзага келган муаммолар юзасидан ҳам сўз юритилса, маданий алоқаларни қайта тиклаш масаласи ўртага ташланса, нур устига аъло нур бўларди”, - деди Набижон Мамажонов.
XS
SM
MD
LG