Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

“Коском” сотиладими?


Россиянинг “Коммерсант” газетаси “Рейтер” ахборот агентлигига таянган ҳолда Ўзбекистондаги “Коском” мобиль алоқа компанияси ўз акцияларини сотиш борасида музокаралар бошлаганини хабар қилди.

Унда ёзилишича, “Коском”нинг 87 фоиз акцияси эгаси бўлмиш АҚШнинг МСТ корпорацияси Скандинавия мамлакатларидан бирининг “TeliaSonera” телекоммуникация консорциуми билан бу борада музокараларга киришган.

Сўнгги йилларда “Коском” атрофида анча можароли воқеалар рўй берди. Жорий йил бошларида “Коском” фаолияти Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарори билан ўн кунга тўхтатилганди. Компания Ўзбекистон расмийлари томонидан лицензия қоидаларига риоя қилмаганликда айбланганди.

Ўшанда кузатувчилар “Коском” фаолиятидаги қийинчиликларга уни бошқа компанияларга арзонроқ сотиш мақсадида яратилган сунъий тўсиқлар натижаси сифатида қарай бошлади. Бироқ ҳар сафар “Коском” расмийлари бундай тахминларни рад этиб келди.

“Коском” акцияларини скандинавиялик харидорларга сотиш бўйича музокаралар бошлангани ҳақидаги маълумотлар ҳам компания вакиллари томонидан тасдиқланмади.

“Биз ҳам бу ҳақда эшитдик. Аммо бир нарсани айтишим мумкин, компаниямизга бу масалада ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Балки МСТга мурожаат бўлгандир? Асосий акциядоримиз қароргоҳи эса Америкада жойлашган. Қолаверса, ҳозир бош директоримиз таътилда. Усиз мен сизга ҳозир ҳеч нарса айта олмайман”, - деди “Коском” матбуот котиби Алексей Минин “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг айтишича, “Коском” атрофидаги бу каби миш-мишлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар совуганининг натижаси, деган фикрларга ҳам қўшилиб бўлмайди.

“Сиëсат ўз йўлида, аммо бизнес сиëсатга боғланиб қолган, деб айта олмайман. Бир гапни айтишим мумкин, яқинда ҳукуматимиз АҚШнинг “Boeing” ширкати билан йирик шартнома имзолади. Бу ширкат эса Ўзбекистонда катта бизнесга эга. Шунинг учун Америка бизнеси Ўзбекистондан чиқиб кетяпти, деган гапларни гапириш нотўғри. Балки бу иддаолар кимгадир наф келтираётган бўлса, улар шу мавзуда чайқов қилишни ëқтирадиган кўринади”, - деди А.Минин.

“Коском”га харидор бўлаётгани айтилаётган “TeliaSonera” корпорацияси матбуот котиби Ула Каллемёр ҳам мавзуга ойдинлик киритмади.

“Компаниямиз юритаётган сиëсат ҳақида ташқарига маълумот бера олмаймиз. Бир нарсани тасдиқлашим мумкин, компаниямиз МДҲнинг мобиль алоқа бозорига кириб боришни истайди ва бу борада биз доимо мониторинг қилиб борамиз. Бу йўналишда бир қанча музокара ўтказяпмиз, аммо улар ҳақида ҳеч нарса айта олмайман”, - деди Ула Каллемёр.

“Коском” Ўзбекистонда 410 минг абонентга хизмат кўрсатади. Компания Ўзбекистон мобиль алоқа бозорининг 12 фоизини назорат қилади. Расмий маълумотларга кўра, 2006 йилда унинг даромади 40 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Американинг MCT корпорацияси (87 фоиз акция эгаси), Ўзбекистоннинг “Ўзбеккоинот” ҳамда “Давр-Конверсия” ширкатлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Коском” компанияси 1996 йилдан буён фаолият юритиб келади.
XS
SM
MD
LG