Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:13

“Яқин Шарқ тўртлиги” Қуддусда йиғилди


Яқин Шарқдаги тинчлик жараëнига воситачилик қилаëтган тўртлик - Европа Иттифоқи, Россия, АҚШ ва БМТ расмийлари Қуддусда музокаралар ўтказмоқда.

Икки ҳафта олдин “Ҳамас” жангарилари Ғазо минтақаси назоратини тўлиқ қўлга олгандан бери бу “Яқин Шарқ тўртлиги”нинг илк учрашувидир. БМТ вакили учрашувда кун тартиби аввалдан белгиланмагани, унда Яқин Шарқ минтақасидаги ҳозирги вазият муҳокама этилишини билдирди.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари Буюк Британиянинг истеъфога чиқаётган бош вазири Тони Блэрни “Яқин Шарқ тўртлиги”нинг минтақадаги махсус вакили этиб тайинлаш масаласини ҳам кўриб чиқади.

Тўртлик музокаралари бошланишидан бир кун аввал - 25 июнь куни Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ва Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида учрашган эди. “Ҳамас” жангарилари Ғазо минтақаси назоратини тўлиқ қўлга олгандан сўнг бу Исроил ва Фаластин раҳбарлари ўртасидаги илк учрашувдир.

Музокалар чоғида Э.Олмерт Исроил қамоқхоналарида сақланаëтган фаластинлик 250 маҳбусни озод этишни режалаштираëтганини маълум қилди. Аммо “Ҳамас” расмийлари бу баёнотни ишончсизлик билан кутиб олди.

“Шарм аш-Шайхдаги учрашувлар қуп-қуруқ гапдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бу саммитда бирор аниқ таклиф киритилмади. 250 маҳбусни озод этиш ҳақидаги гаплар ҳам қуруқ ваъдадир. Бу ерда гап фақат “Фатҳ” аъзолари бўлган маҳбуслар ҳақида кетяпти”, - деди ҳаракат матбуот котиби Сами Абу Зуҳрий.

Шунга қарамай, “Ҳамас” саммитда Фаластиндаги гуруҳлар ўзаро мулоқотга чорланганини олқишлади.

“Биз Миср президенти Ҳусний Муборакнинг Фаластинда ички мулоқотлар ўтказишга чақирувини олқишлаймиз ва бу чақирув Маҳмуд Аббос томонидан қабул қилинишидан умидвормиз”, - деди Абу Зуҳрий.

24 июнь куни Исроил Фаластин ҳукуматига тегишли солиқдан йиғилган, аммо 2006 йилда мухториятда ҳокимиятга “Ҳамас” келганидан кейин музлатилган маблағни Маҳмуд Аббос ихтиёрига ўтказишга қарор қилди.

Кузатувчилар Э.Олмерт ва М.Аббоснинг ваколати ва обрўси сусайиб бораëтган бир пайтда уларнинг Фаластин барқарорлигини таъминлашга арзигулик бир келишувга кела олишига ишончсизлик билан қарамоқда.
XS
SM
MD
LG