Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Москва миллатларо тўқнашувларга тайёрланяпти


Москва шаҳри ички ишлар бош бошқармаси Россия пойтахтида миллатлараро оммавий тўқнашувлар тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бу огоҳлантириш ҳақида айрим сайтлар хабар тарқатди.

Москва шаҳри ИИБ масъул ходими Евгений Гильдеев огоҳлантириш асоссиз пайдо бўлмаганини айтар экан, баъзи сайтларнинг форумларида “яна бир бор муштлашув чиқаришга чақириқлар янграётгани”ни билдирди.

Москва милицияси вакили “навбатдаги муштлашув”, дер экан, 22 июнь куни Москванинг қоқ марказида - Кремлдан тўрт қадам наридаги Китайгородда юз берган тўқнашувни назарда тутяпти.

Ўша кунги тўқнашувда бир томондан рус миллатчилари, иккинчи томондан чеченлар, ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар бўлиб юздан зиёд киши иштирок этгани хабар қилинган эди.

Е.Гильдеев бу тўқнашувдан сўнг қўлга олинганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини билдирди.

Москва милициясининг бошқа бир масъул ходими Виктор Бирюков ҳам “россиялик ёшларнинг баъзи радикал гуруҳлари жанубий республикалар вакилларига қарши ҳужумлар тайёрлаётгани тўғрисида тезкор маълумотлар бор”лигини маълум қилди.

Москва милицияси вакиллари “радикал гуруҳлар” деганда айнан қайси ташкилотларни назарда тутаёганини айтмади.

Ўзини “Ғайриқонуний миграцияга қарши ҳаракат”, деб атайдиган ташкилот ўша гуруҳлардан бири бўлиши мумкин.

“Чунки 22 июнь куни Китайгородда юз берган муштлашувда айнан шу ҳаракат аъзолари қатнашгани кундай равшан эди”, - деди Москвадаги миллатчилик ва ирқчилик муаммолари билан шуғулланувчи “Укки” таҳлил маркази вакили Александр Верховский.

А.Верхоский тилга олган ташкилотни, агар номидан келиб чиқиладиган бўлса, ҳатто ҳукуматники, дейиш мумкин. Ахир ғайриқонуний миграцияга қарши курашмаган давлат борми?!

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоялаш лойиҳаси раҳбари Людмила Гендель аслида бу ном ортида фашистик ташкилот турганинии айтади.

“Бу ҳаракат ғайриқонуний миграция масалалари билан шуғулланмайди, у миллатчилар, шовинистлар ташкилотидир”, - дейди Людмила Гендель.

“Ғайриқонуний миграцияга қарши ҳаракат”нинг Интернетда ўз сайти ҳам бор. Сайтнинг бош саҳифасида 27 июнь куни, масалан, мана бундай даъватни кўриш мумкин эди: “Халқ мудофааси қўшинига қўшил!”

Чақириқ тагидаги матндан англашиладики, Россияда юрган мигрантлар ёппасига жиноятчилару “халқ мудофааси қўшини” уларнинг ҳужумига тайёр туриши лозим.

Ватанда қолган бир этак боласини боқиш учун дарбадар юрган ўзбекистонликнинг, милиция рейдларидан зада бўлиб ишхонасидан ташқарига бурнини чиқармаётган, қулдай меҳнат қилаётган ўзбекнинг ёки умуман марказий осиёликнинг россияликларга таҳдиди тўғрисида ўйлашнинг ўзи кулгили.

Шуни Россия маъмурлари билмайдими?

Людмила Генделнинг фикрича, агар ҳокимият фашистик ташкилотларга қарши бирон чора кўрмаётган экан, демак уларни қўллаб-қуватлаётган бўлиб чиқади.
XS
SM
MD
LG