Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:58

“Чимкент фожеаси” айбдорлари устидан ҳукм ўқилди


Жанубий Қозоғистон вилоятида болаларнинг оммавий равишда одам иммун танқислиги вируси – ОИТВга чалиниши билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўтказилган суд жараёни ниҳоясига етди.

Суд вилоят ва шаҳар болалар шифохоналари бош врачлари ва бўлим бошлиқлари бўлган 17 тиббиёт ходимини 3 йилдан 8 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этди. Вилоят соғлиқни сақлаш департаментининг собиқ бошлиғи Нурсулу Тасмағамбетова ва унинг турмуш ўртоғи ҳамда икки ўринбосарига эса уч йиллик шартли жазо белгилади. Н.Тасмағамбетованинг эри Рисқулбек Бойхарашев вилоят тиббиёт сифати назорати бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Болаларга оммавий раишда ОИТВ юқтирилиши ҳолати юзасидан суд жараёни жорий йилнинг 19 январь куни бошланган эди. 21 тиббиёт ходими устидан қўзғатилган жиноят иши ҳажми 57 томни ташкил этди.

Судланувлар, асосан, ўз вазифасига совуққонлик, пора олиш, товламачилик ва давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланди. Аксарият тиббиёт ходимлари, жумладан, Н.Тасмағамбетова ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашганликда айбдор топилди.

“Чимкент фожеаси” айбдорлари устидан суд ҳукми ўқилиши 11 июлга белгиланган эди. Бироқ кутилмаганда 26 июнь куни суд ҳукмини ўқиш бошланди. 250 варақдан иборат ҳукмни ўқишга икки кун вақт кетди.

Айбланувчи тиббиёт ходимлари ҳам, жабрланувчи ота-оналар ҳам суд ҳукмидан қониқмаганини билдирмоқда.

Ҳукм ўқиб тугатилиши билан суд қароридан норози ота-оналардан бири ҳушидан кетиб қолгани боис тез тиббий ёрдам машинаси чақирилди. Асабийлашиб жазавага тушган ота-оналар Жанубий Қозоғистон соғлиқни сақлаш департаментининг собиқ раҳбари Нурсулу Тасмағамбетовани дўппосламоқчи бўлди. Полиция ходимларининг қаршилиги туфайлигина “халқ суди”нинг олди олинди.

“Биз ота-оналар вилоят соғлиқни сақлаш департаментининг собиқ раҳбарига шартли жазо берилганидан норозилик билдирамиз. Улар болаларнинг ОИТВ юқтиргани ҳолатини ярим йил давомида оммадан сир сақлади. Уларнинг совуққонлиги туфайлигина болаларимиз шифохонада даволаниш жараёнида иммун танқислиги вирусини юқтирди”, - деди ОИТВга чалинган болалардан бирининг отаси.

Судланувчиларга ҳукм ўқилаётган пайтда ОИТВ юқтирган болалардан яна бири оламдан ўтгани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ОИТС маркази маълум қилди.

Айни пайтда жами 118 гўдак ва 14 боланинг онаси ОИТВ билан оғримоқда. Шу кунгача бу касалликни юқтирган 10 бола эса оламдан ўтди.
XS
SM
MD
LG