Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:08

Португалия ЕИ эътиборини Африка ва Бразилияга қаратади


Июль ойидан Европа Иттифоқига раислик қила бошлаган Португалия ҳукумати тузилмага раҳбарлик даврида асосий эътиборни Африка, Бразилия ва ривожланаётган мамлакатларга қаратишини эълон қилди.

ЕИ Португалия раислигида “Янги дунëда кучли Европа” шиори остида фаолият кўрсатади.

Германия раислиги даврида зўр бериб постсовет давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга уриниб келган ЕИ Португалия раҳбарлигида эътибор йўналишини ўзгартириш ниятини билдирди.

Португалия бош вазири Хосе Сократес ЕИ ташқи сиëсатининг устивор йўналиши Африка ва Бразилия эканини билдириб: “Шунингдек, биз ЕИга раислик давримизда Россия, Хитой, Ҳиндистон раҳбарлари билан учрашамиз. Аммо биз учун устивор мақсад ривожланаëтган мамлакатлар бўлиб қолади”, - деди.

ЕИ-Африка саммити жорий йилнинг декабрида Португалияда бўлиб ўтади. Сўнгги марта ҳам икки қитъа вакиллари 2000 йилда, Португалиянинг ЕИга аввалги раислиги чоғида учрашган эди.

Ўз устивор мақсадларини белгилаб олганига қарамай, Португалия ташқи ишлар вазири Луис Амадо ЕИга Германия ҳукумати раислиги вақтида бошланган ишлар давом эттирилишини маълум қилди.

Брюсселдаги дипломатлар фикрича, Португалия раҳбарлиги даврида ЕИнинг яқинда Марказий Осиёга оид эълон қилган стратегияси маълум бир вақтга қадар сояда қолиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Германия ҳукумати ЕИга раислик қила бошлаганидан сўнг газ ва нефть захираларига бой МОдаги ролини кучайтириш мақсадида минтақадаги беш давлат билан билан муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Германия Европанинг МОнинг барча давлатларида дипломатик миссияси бўлган ягона вакилидир.


ЕИ стратегияси доирасида МО давлатларига молиявий кўмак бериш кўзда тутилган. Бу кўмак минтақа иқтисодиëтини ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик ва барқарорликни яхшилашга сарфланади.

ЕИ, шунингдек, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш, шунингдек, хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратади.
XS
SM
MD
LG