Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:37

Қизил масжиддан ўзбеклар изини излаб....


Исломободдаги Қизил масжидда ўрнашиб олган радикал қарашдаги талабалар орасида “Ал-Қоида”га алоқадор хорижликлар, жумладан, ўзбек, чечен ва уйғур жангарилари ҳам бўлиши мумкин.

Айрим манбалар Покистон диний ишлар вазири Ижоз ул-Ҳақ сўзларига таяниб шу мазмундаги хабарлар тарқатмоқда.

“Озодлик” мухбири мазкур хабарларга ойдинлик киритиш учун вазирлик матбуот котиби Муҳаммад Иқбол билан боғланди. М.Иқбол масжидда ўрнашиб олган талабалар орасида ўзбеклар бор-йўқлиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Покистон армияси расмийлари ҳам бу масалага ойдинлик кирита олмади.

Покистон армияси вакили полковник Апик Қизил масжидда ўзбек жангарилари бор-йўқлиги ҳақида гаплашишдан кўра, бу ерда рўй бераётган сўнгги воқеаларни тасвирлашга иштиëқ билдирди.

“Бугун эрталабдан бери бу ерда бир неча бор отишма юз берди, ҳозир ҳам томонлар бир-бирини ўққа тутмоқда. Аммо ҳозирча масжидни эгаллашга қаратилган кенг кўламли ҳарбий амалиëт бошланганича йўқ”, - деди полковник.

Якшанба куни президент Парвез Мушарраф масжидни ишғол қилиб турган 50-60 тача қуролли жангари сўнгги бор огоҳлантирди ва агар улар гаровдагиларни қўйиб юбормаса, барчаси қириб ташланишини айтди.

Қизил масжиддаги радикал талабалар етакчиси Абдул Рашид Ғозий бунга жавобан ичкаридагилар таслим бўлишдан кўра, шаҳидликни афзал билишини билдирди.

“Барча шаҳидларимиз ва ҳозир шаҳидликка ҳозирланаëтганлар қиëмат кунида бегуноҳ талабаларимизни ўлдириш гуноҳини сиздан сўраймиз. Барчамиз сиздан бизни нега, қайси гуноҳимиз учун ўлдирдингиз, деб сўраймиз”, - деди Рашид Ғозий.

Покистон диний ишлар вазири Ижоз ул-Ҳақ эса Қизил масжидни Абдул Рашид Ғозий эмас, балки “Ал-Қоида”га алоқадор хорижлик жангарилар назорат қилаëтганини таъкидламоқда.

Покистонлик таҳлилчи Аҳмад Рашид Абдул Рашид Ғозийнинг ҳақиқатан ҳам “Ал-Қоида”га яқин одам эканини, аммо масжиднинг хорижий террорчилар, хусусан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари бўлган ўзбек жангарилари назоратидалигига ишонмаслигини айтади.

“Абдул Рашид Ғозий ҳақиқатан ҳам “Ал-Қоида”га, жангари гуруҳларнинг аксарига жуда яқин одам. Балки Қизил масжидда ЎИҲ жангариларининг хотин ва болалари бордир. Чунки айнан шу масжидда жуда кўп жангарининг оилалари, хусусан, ўлган жангариларнинг бева ва сағирлари бошпана топган. Аммо Қизил масжидни ишғол қилганлар орасида ЎИҲ жангариларининг ўзи ҳам бор, дейиш бўрттиришдан бошқа нарса эмас. Агар Покистон пойтахти марказида “Ал-Қоида”га алоқадор таҳдидли гуруҳ бўлган бўлса, нега бу ҳақда фақат бугун эшитяпмиз”, - дейди Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳақидаги китоб муаллифи Аҳмад Рашид.

Унинг сўзларига кўра, Қизил масжид бўҳрони бошлангандан бир ҳафта ўтиб, масжидни хорижий террорчилар ишғол қилиб турибди, деган маълумотни тарқатиш ортида Исломобод ҳукуматининг аниқ ғарази ëтибди.

“Менимча, Покистон ҳукумати бундай баëнот орқали Қизил масжидга қарши бошланадиган ялпи ҳужумга халқаро таянч қозонишга уринмоқда. Биз масжид ичкарисида ким борлигини билмаймиз ва Покистон расмийлари уларни ўзи истаган қабилда кўрсатишга уринмоқда. Покистон армияси ва махфий хизмати жуда фаол ва улар масжидда ким борлигини бу бўҳрон бошланмай туриб ҳам аниқ биларди. Нега улар жамоатчиликни бундан, масалан, беш ëки олти кун аввал хабардор қилмади?” - дейди А.Рашид.

Қизил масжиддаги бўҳронни бевосита кузатаëтган покистонлик мустақил журналист Хорун Рашид ҳукуматнинг масжид ичкарисида хорижий, хусусан, ўзбек жангарилари борлиги ҳақидаги даъвосида жон бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

“Мен бўҳрон бошланиши арафасида Қизил масжидга кирганимда кўриниши ўзбекка жуда ўхшаш бир одамни кўрдим, мен ўзбекларни кўп кўрганимдан уларни бошқалардан фарқлай оламан. Шундай бўлса-да, одамнинг миллатини унинг ташқи кўринишига қараб аниқлаш мушкуллигини ҳам тан оламан. Ҳарқалай, ўзбек жангариларининг оëғи имомлари “Ал-Қоида”га яқин Қизил масжидга етиб келганини буткул инкор қилиб бўлмайди”, - деган ишончда Хорун Рашид.

Исломободдан олинган сўнгги хабарларга кўра, жангариларга бўҳронни ортиқча қон тўкилишларсиз ҳал этиш учун берилган муҳлат ниҳоясига етмоқда. Душанба куни музокараларга, президент сўровига кўра, мамлакат собиқ бош вазири Шужоат Ҳусайн бошчилик қилди, аммо сўзлашувлардан ҳозирча бирор натижа чиққани ҳақида хабар йўқ.
XS
SM
MD
LG