Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:27

“Коском”ни скандинавияликлар назорат қилади


Скандинавиянинг “TeliaSonera” компанияси АҚШнинг МСТ корпорациясини сотиб олиш ҳақида келишув имзолаб, Ўзбекистондаги “Коском” мобиль алоқа операторини ўз назоратига олиш имкониятига эга бўлди.

“Биз МСТ билан акцияларининг 100 фоизини сотиб олиш бўйича келишув имзоладик. “Коском” ҳам шу келишувнинг бир қисмидир. Ҳозирча келишув ҳақида батафсил маълумот бера олмаймиз. Барча ҳужжатлар имзоланиб бўлингач, бу ҳақда хабар берилади”, - деди “TeliaSonera”нинг Евроосиë мамлакатлари билан ишлаш бўлими раҳбари Теро Кивиссари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

“Coscom” Ўзбекистонда 410 минг абонентга хизмат кўрсатади. Компания Ўзбекистон мобиль алоқа бозорининг 12 фоизини назорат қилади. Расмий маълумотларга кўра, 2006 йилда унинг даромади 40 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

АҚШнинг МСТ корпорацияси Ўзбекистоннинг “Ўзбеккоинот” ҳамда “Давр-Конверсия” ширкатлари ҳамкорликда ташкил этилган “Коском”нинг асосий мулкдори ҳисобланади.

“Коском” бош директори Абраҳам Смит МСТ корпорацияси Швеция ва Финляндияга қарашли “TeliaSonera” компаниясига сотилганидан хабари йўқлигини, лекин ўтган ҳафтада айни масалада музокаралар ўтказилганидан хабардор эканини айтди.

Унинг таъкидлашича, анча пайтдан буён “Коском”нинг сотилиши ҳақида гап-сўзлар юргани рост.

“2006 йил бошларида МСТ стратегик ҳамкорлик борасида музокаралар ўтказганда одамларда “Коском” сотиляпти, деган тушунча пайдо бўлди. Ҳақиқатан ҳам музокаралар анча давом этди. Бу катта миқдордаги сармоя ëтқизишни талаб этадиган жиддий музокарадир”, - деди А.Смит.

А.Смит “Коском” компанияси атрофидаги гап-сўзларга сиёсий тус бериш керак эмаслигини, бу оддий бизнес эканини таъкидлади.

“МСТ Россияда ҳам ўн йил фаолият юритгач, барча акцияларини сотиб юборди. Айтмоқчиманки, бу бизнес оламида рўй берадиган оддий ҳолатлар. Компания сотилади ва сотиб олинади. Агар “Коском” Ўзбекистон бозоридан чиқариб юборилса, ҳукумат сиëсатини пеш қилмаган бўлардим. Ўзбекистондаги фаолиятимиз ривожланмоқда. Ҳаммаси яхши”, - деди Абраҳам Смит.
XS
SM
MD
LG