Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:38

Эронда зинокор эркак тошбўрон қилиб ўлдирилди


Эроннинг Қазвин вилоятидаги кичик бир қишлоқда Жаъфар Қиёний исмли фуқаро тошбўрон қилиб ўлдирилди. У 40 ёшда эди ва зино қилишда айбланиб сўнгги ўн йил давомида қамоқда ўтирган эди.

Жаъфар Қиёний Эронда 1979 йилги исломий инқилобдан сўнг шариат аҳкомларга кўра тошбўрон қилинган навбатдаги фуқародир. Тошбўронга қарши кампания ўтказаётган халқаро ташкилот вакиллари Ж.Қиёнийнинг ўлдирилгани ҳақида 8 июль - қатлнинг эртаси куни хабар топди. Эрон олий суди матбуот вакили эса бу хабарни тасдиқлади ва жазо истисно тариқасида қўлланилганини билдирди.

Эрон олий суди раҳбари оятулла Маҳмуд Ҳошимий Шоҳрудий 2002 йилда мамлакатда тошбўрон жазосига мораторий эълон қилган эди. Эрон суди расмийси бу тартиб ҳануз сақланаётгани, аммо алоҳида ҳолатларда судялар мустақил ҳукм чиқариши мумкинлигини таъкидлади.

Ж.Қиёний ва унинг ҳамроҳи Муҳаррама Иброҳимийни тошбўрон йўли билан қатл қилиш 21 июнга белгиланган эди. Аммо халқаро жамоатчилик ва инсон ҳуқуқлари фаоллари босими остида қатл маросими қолдирилган, кейинчалик Қазвин вилояти суди расмийлари жазо бекор қилинганини билдирган эди. Бироқ қатл барибир амалга оширилганини халқаро кузатувчилар кескин қораламоқда.

Тошбўрон билан йўли билан қатл қилиш маросими қонли бир томошадир. Жазога мустаҳиқ қилинган эркак ва аёл кўкракларига қадар ерга кўмиб қўйилади. Қўллари эса орқасига боғланади. Уларга улоқтириладиган тош мавжуд тартибга кўра ўртача катталикда, яъни бир-икки уришда қатл қилинувчини ўлдирадиган даражада катта ёки унга қаттиқ шикаст етказмайдиган даражада кичик бўлмаслиги керак.

“Тошбўронни мангуга тўхтатиш кампанияси” халқаро ташкилоти раҳбари Суҳайло Ваҳдат ҳозирги вазиятда Ж.Қиёнийнинг ҳамроҳи Муҳаррама Иброҳимий тақдиридан хавотир ортаётганини айтади.

“Мавжуд барча тақиқлар, халқаро жамоатчилик босимига қарамай, бундай жазонинг ижро этилгани ўта хавотирлидир. Муҳаррама ҳам тошбўронга ҳукм қилингани ҳақида бизда ахборот бор. Аммо ўтган ҳафтада Эронда Аёллар куни нишонлангани боис, унга нисбатан жазо ижро этилмади. Бироқ энди у ҳам тошбўрон қилиниши мумкин”, - дейди Суҳайло Ваҳдат.

Ҳозирча Эрон расмийлари М.Иброҳимийга белгиланган жазо бекор қилинганини таъкидламоқда.

Жаъфар Қиёний ва Муҳаррама Иброҳимий бундан 11 йил муқаддам зинода айбланиб, қамоққа ҳукм қилинган. Уларнинг икки фарзанди бор ва болалар ҳозир онаси билан бирга қамоқда.

“Тошбўронни мангуга тўхтатиш кампанияси” вакиллари бу икки бола ва Муҳарраманинг тақдири номаълум қолаётганини билдирди.

“Афсуски, биз бу борада аниқ маълумотга эга эмасмиз. Ҳатто адвокати ҳам Иброҳимийни кўришга муваффақ бўлмади. Маълуми шуки, Муҳаррама ва унинг икки фарзанди ҳозир қамоқхонада. Биз ҳатто бу болаларнинг ёши ва жинси ҳақида ҳам билмаймиз. Аммо улар ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва мамлакатда тошбўрон жазоси яширин равишда яна ижро этилиши олдини олиш учун ҳамма имкониятларни ишга соляпмиз”, - деди Суҳайло Ваҳдат.

Эронда тошбўрон тақиқланганидан буён неча бор бундай қатл амалга оширилгани номаълум. Мустақил манбалар 2006 йил ичида икки эркак ва камида 8 аёл тошбўрон қилинганини билдирмоқда. Эрон расмийлари эса бундай маълумотларни инкор этиб келади.

Маҳаллий расмийлар ва хавфсизлик кучлари иштирокида амалга оширилган Ж.Қиёнийнинг қатл маросими эса сўнгги беш йил ичида Эрон расмийлари тошбўрон жазоси ижросини тан олган илк ҳолатдир.
XS
SM
MD
LG