Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Чехияда ҳибсда ушлаб турилган андижонлик қочқинлардан бири озод бўлди


Чехия полицияси шу ой бошида Чехия-Германия чегарасида ҳибсга олинган андижонлик икки қочқиндан бири бўлмиш Зоҳид Мирзоевни озод этди. Омонулла Мақсудов эса ҳамон ҳибсда ушлаб турилибди.

З.Мирзоев яқинларининг айтишича, у аввал суд қилиниб, кейин суд қарори билан Чехиядаги Плзень ҳибсхонасидан озод этилган. О.Мақсудов эса суд қарорини кутиб турибди.


Андижонлик қочқинлар бундан уч ҳафта муқаддам Германиядан Чехияга ўтаётган пайтда Ўзбекистоннинг Интерполга берган сўрови асосида ҳибсга олинган эди. Чехия маъмурияти Ўзбекистоннинг З.Мирзоев ва О.Мақсудовни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўрови қанчалик асосли эканини ўрганиб чиқиш учун улар суд қарори маълум бўлгунча ҳибсд ўтиришини билдирганди.

“Ҳозир қочқинлардан бирининг озод этилиши ва яна бирининг ушлаб турилиши уларнинг иши судда алоҳида-алоҳида кўрилгани билан боғлиқ”, - деди уларнинг адвокати Виктор Шуп.

Андижон воқеалари чоғида ўқ ёмғири остида ўзбек-қирғиз чегарасига етиб келган юзлаб андижонлик қаторида О.Мақсудов ва З.Мирзоев ҳам бўлган. Улар БМТ қочқинлар идораси кўмагида Қирғизистондан Руминияга олиб келинган. Кейин эса уларга Германияда қочқинлик мақоми берилган.

“Ҳьюман райтс вотч” ташкилотининг Германиядаги вакили Марианна Хойваген “Ўзбекистон ҳукумати Андижон қирғини ва режим танқиди қурбонларига тазйиқлар ўтказишда ҳамон халқаро институтлар ва ташкилотларни ишга солишга имкон топаётгани”дан таассуф билдирди.

“Германияда тегишли мақомга эга бўлган қочқинларнинг ўзлари паноҳ топган жойда шу куйга солиниши ташвишлидир”, - деди М.Хойваген.

25 ёшли О.Мақсудов Акром Йўлдошевнинг Гулмира исмли катта қизига уйланган. Ўзбекистон А.Йўлдошевни “акрамия” оқими етакчиси, деб билади ва уни диний экстремизмда айблаб ҳибсда сақламоқда.
XS
SM
MD
LG