Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:55

Ўзбеклар тирикчилик учун Туркияга ҳам боради


Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея каби мамлакатларни тўлдирган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бугунги кунда тирикчилик илинжида Туркия шаҳарларини ҳам “ишғол” қилмоқда.

Ўзбекистонликлар кўпроқ Истанбул, Анталия, Измир каби йирик шаҳарларда меҳнат қилиши айтилади.

Туркиянинг “Анталия ривьераси” номи билан машҳур дам олиш масканлари денгиз соҳили бўйлаб 550 километрга чўзилиб кетган. Ёзги таътиллар бошланиши билан Туркиянинг Ўртаер денгизи қирғоқлари дам олувчилар билан тўлиб-тошади. Анталия, айниқса, россияликларнинг энг севимли дам олиш масканларидандир. Рус тилини биладиган ўзбекистонликлар эса уларга хизмат кўрсатишда маҳаллий туркларга энг мос келадиган хизматчилар сирасига киради.

“Туркияда ҳозир кўплаб ўзбекистонликлар ишлайди. Йирик шаҳарларда ишлаётган юртдошларимизнинг аксарияти ёшлар бўлиб, улар орасида ўқишга келганлари жуда кам. Улар ойига камида 400-500 АҚШ доллари олади ва бунга қаноат қилади”, - дейди Истанбулда таҳсил олаëтган ўзбекистонлик Муҳсин.

Унинг айтишича, ўзбекистонликларнинг иш шароити иш берувчиларга боғлиқ. Ишлатиб пул бермайдиган ёки ўзбекларни ўзига яқин олиб яхши ҳақ тўлайдиган турклар бор.

“Ëз келиши билан эса инглиз, рус ва турк тилларида сўзлашадиган ўзбекистонлик талабалар Анталияга келиб, яхшигина пул қилади. Мавсум тугаши билан эса улар ортга қайтиб кетади”, - дейди Муҳсин.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида виза тизими мавжуд. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгандан кейин Туркия 2003 йил 1 июндан Ўзбекистон билан виза тизимига ўтган эди. Бунгача эса Ўзбекистон фуқаролари Туркияга кириш чоғида 10 доллар тўлаб, бемалол виза олаверарди. Ўзбекистонга қўшни давлатлар ҳозиргача шу тартибдан фойдаланиб келади.

Ўзбекистондаги сайёҳлик фирмалари вакилларининг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, улар саёҳат ниятида Туркияга бормоқчи бўлганларгагина виза масаласида ёрдам кўрсатади. У ерда ишлаш мақсадида бормоқчи бўлганлар эса виза учун ўзи қайғуриши зарур.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси консуллик бўлими вакили сўзларига кўра, Туркияда ишлаш учун бу мамлакат Меҳнат вазирлигидан рухсат олиш керак.

“Ундан кейин эса Туркиядаги бирор фирма билан шартнома тузилиб кетилади. Ҳозир бориб ишлаëтган ўзбекистонлик кўплаб муҳожирлар эса ноқонуний ишламоқда”, - деди консуллик ходими.
XS
SM
MD
LG