Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:00

Талабаликка даъвогарлар имтиҳон топширди


1 август куни Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари ўтказилди. Мамлакатнинг олтмишдан ортиқ олий ўқув юртларига 350 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди.

Расмий маълумотларга кўра, олий ўқув юртларига кириш учун ҳар бир ўринга ўртача етти абитуриент даъвогарлик қилмоқда.

Сўнгги йилларда имтиҳонлар топширишда SMS хизматидан фойдаланиб ўқишга кирганлар ҳам бўлди. Аммо ўтган йилдан бери ҳукумат бундай ҳолатларга чек қўйиш учун мамлакатдаги мобил алоқа операторларига 1 август куни SMS хизматини вақтинчалик ўчиришни буюраётир.

Бу сафар ҳам Ўзбекистон мобил алоқа операторлари барча мижозларини 1 август куни соат 9:00 дан 13:00 гача SMS, MMS ва GPRS хизматлари кўрсатилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. “МТС-Ўзбекистон” сайтида бу техник сабабларга кўра амалга оширилаётгани айтилган.

Бу хизматлар ўчириб қўйилгани аввалги йиллар тажрибасига ишониб, имтиҳонда SMS ёрдамида катта балл олишни кўзлаган абитериентлар учун қаттиқ зарба бўлди, албатта. Бунинг устига, бу йилги тест синовлари қаттиқ назорат остига ўтгани айтилмоқда.

“Шпаргалка олиб кирганим йўқ. Қаттиқ назорат остида эдик. Доимо икки аëл ëнимизда турди. Олдимдаги болалар билан биргалашиб ечдик тест саволларини. Мен уларга, улар эса менга ëрдам берди. Айримлар телефон олиб кирган эди, олиб қўйишди”, - дейди Тошкентдаги Алоқа институтига ҳужжат топширган Салоҳиддин.

Хоразмлик абитуриент Фароғат ҳам Салоҳиддиннинг гапларини тасдиқлар экан, аудиторияда Давлат тест маркази вакилларидан ташқари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам бўлганини қўшимча қилди.

Аммо афтидан айрим абитурентлар имтиҳонлардан бировнинг ёрдамида ўтиш йўлини топган кўринади.

“Мен охирги партага ўтирдим. Чунки телефондан фойдаланишимиз керак эди. Саволларни олганимдан кейин телефондан ташқаридагиларга қўнғироқ қилдим. Улар менга тест жавобларини айтиб турди”, - дейди исмини ошкор этишни истамаган абитуриент “Озодлик” билан суҳбатда.

Давлат тест маркази ходими Бойсун Назаров сўзларига кўра, шпаргалкадан фойдалангани аниқланган абитуриентларга қарши жиддий чоралар кўрилади. Улар имтиҳондан четлатилади.
XS
SM
MD
LG